Ҳарбийлар маърифат масканида
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус самаралари Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси ҳарбий хизматчилари ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус самаралари Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси ҳарбий хизматчилари ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳарбий қисмда бу эзгу ташаббуснинг асосий бандларидан бири – ёшларни маънавий баркамол ва китобхон этиб тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ёш ҳарбийларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни – китобхонлик куни, деб белгиланган. Шу куни шартнома асосида хизмат қилаётган ҳамда муддатли ҳарбий хизматчилар Термиз шаҳридаги Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб, китоб мутолааси билан машғул бўлиши анъанага айланди. Бунинг учун китобхон ҳарбийларга махсус транспорт воситаси ҳам ажратилган.

– Замонавий ахборот-кутубхона маркази билан шу йўсинда яқин алоқани йўлга қўйганимиз ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини бажараётган аскарларимизнинг китоб мутолаасига эҳтиёжини янада кенгроқ қондиришга кўмаклашмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси подполковниги Ф.Усмонхўжаев. – Ватанга муҳаббат, қасамёдига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлаб, юртимиз осойишталиги, хонадонларимиз ободлиги ва тўкин турмушимизни таъминлашга масъуллик ҳиссини кучайтирмоқда. Уларнинг бўш вақтини фойдали ва қизиқарли ўтказишга ёрдам бераётир.
Сурхондарё вилояти марказида сўнгги йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилган муҳташам ахборот-кутубхона маркази 300 мингдан зиёд турли китоб ва 5 мингдан ортиқ электрон китоб фондига эга. Маърифат маркази бир йилда ўртача 100 мингдан кўпроқ китобхонга хизмат кўрсатади. Замонавий зиё масканида Book-kafe ва “Китоб олами” савдо дўкони, Wi-Fi ҳудуди мавжуд. Бундай шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишган осойишталигимиз посбонлари кутубхонага аъзо бўлган.
– Бу маърифат маскани биз учун энг қадрли даргоҳлардан бирига айланди, – дейди муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган оддий аскар Б.Рўзметов. – Ҳафтанинг чоршанба куни бўш вақтимиз бўлганда бу ерга келиб, китоб мутолааси билан шуғулланамиз. Бугун мен Алишер Навоийнинг “Ҳайратул аброр“ достонининг электрон вариантини ўқидим. Келгуси ҳафта келиб, бу асарни охиригача ўқиб чиқмоқчиман. Албатта, бу ерда олаётган билимларим келгуси ҳаётимда ҳам қўл келишига ишонаман. Бизга шундай шароит яратилганидан беҳад мамнунмиз.
