Ақтўти Раимқулова: Буюк ўтмиш ва бунёдкорлик руҳи Ўзбекистонни янги марралар сари етакласин!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Ақтўти Раимқулова ўз табригини изҳор этди.
– Ўзбекистон туркий дунё учун улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга мамлакат. Бу заминда туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи, бой маънавий мероси ва ноёб маданий анъаналари мужассам.
Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Алишер Навоийнинг ўлмас сатрлари, Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси, қолаверса, ўзбек халқининг бебаҳо анъаналари – буларнинг барчаси нафақат юртингизнинг миллий бойлиги, балки умумий тарихий хотирамизнинг қимматли бир қисмидир.
Янги Ўзбекистон чуқур тарихий илдизлари ва бой маданий ўзига хослигини асраб-авайлаган ҳолда, келажакка ишонч билан қадам ташлаётгани, бунёдкорлик, тараққиёт ва халқаро ҳамкорликнинг янги уфқларини очаётгани, айниқса, таҳсинга сазовор.
Мен учун халқларимизни бирлаштириб турадиган самимий дўстлик ва қардошлик ришталари алоҳида қадрлидир. Бизни муштарак тарихдан ҳам кўра кўпроқ жиҳатлар бирлаштириб туради: маданият ва анъаналаримиз яқинлиги, маънавий муштараклигимиз, ўзаро ҳурмат ва ягона Туркий дунёга мансублик туйғуси шулар жумласидандир. Биз ана шу бебаҳо меросни биргаликда асраб-авайлаш, уни янада бойитиш ва келажак авлодларга етказишга масъулмиз.
Ушбу улуғ айёмда қардош ўзбек халқига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, ҳамжиҳатлик ва улкан зафарлар тилайман. Буюк ўтмишнинг донолиги бугунги кунга илҳом бағишлаб, халқнинг истеъдоди, бунёдкорлик салоҳияти ва Ватанга бўлган чин муҳаббати Ўзбекистонни янги марралар сари етакласин!
Ў.АЛИМОВ, ЎзА