АҚШ университети делегацияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов АҚШнинг етакчи тадқиқот университетларидан бири бўлган Юта университети Халқаро ҳамкорлик бўйича катта масъул ходими Ренди Маккриллис бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, муҳандислик, кончилик, материалшунослик ҳамда замонавий технологиялар йўналишларида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Делегация таркибида университетнинг халқаро ҳамкорлик, материалшунослик ва кончилик муҳандислиги соҳаларидаги раҳбар ва экспертлари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда ташкил этилаётган Глобал таълим ва тадқиқотлар университетини ривожлантириш, унинг фаолиятига Юта университетининг илғор академик дастурлари, таълим технологиялари ва халқаро тажрибасини жалб этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, муҳандислик ва саноат тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма таълим дастурлари ва тадқиқот ташаббусларини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Юта университети 1850 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШнинг нуфузли тадқиқот университетлари қаторига киради. Олийгоҳ муҳандислик, кончилик, материалшунослик, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳаларидаги кучли илмий мактаблари билан танилган ҳамда халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА