Анвар Анваров Швециядаги халқаро турнирда ғолиб бўлди
Швециянинг Соллентуна шаҳрида енгил атлетика бўйича “Folksam Gran-pri” мусобақаси бўлиб ўтди.
Жаҳон енгил атлетика ташкилотининг “Continental Tour” сериясига кирувчи ва бронза даражасига эга мазкур мусобақада Европанинг етакчи атлетлари ҳамда халқаро майдондаги кучли спортчилар иштирок этди.
Эркаклар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Анвар Анваров барча рақибларидан устун келди. Мамлакат рекордчиси иккинчи уринишда 8,23 метр натижа кўрсатиб, мусобақа якунига қадар энг яхши кўрсаткич билан олтин медални қўлга киритди.
Шамол тезлиги рухсат этилган меъёрдан юқори — сониясига 3 метрни ташкил этгани боис мазкур натижа Анвар Анваровнинг мавсумдаги энг яхши натижаси сифатида расман қайд этилмайди. Шунга қарамай, 8,23 метрлик ғолибона сакраш ўзбекистонлик спортчининг юқори спорт формасида эканини ҳамда йирик халқаро мусобақаларда медаллар учун курашишга тайёрлигини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА