Антирадар носоз чиқди
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида яшовчи A.O. туман марказида жойлашган дўконларнинг биридан 5 миллион 496 минг сўмга шартнома асосида 24 ойга 229 минг сўмдан бўлиб тўлаш шарти билан антирадар сотиб олган.
Орадан кўп ўтмай антирадар ишламай қолгач истеъмолчи дўкон билан боғланиб қайтариб олишини сўраган. Аммо кутилган натижа олмаган. Сўнг истеъмолчи антирадарни алмаштириш ёки шартномани бекор қилиб бериш бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига мурожаат қилган.
Мурожаат Қўнғирот тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилди. Улар ушбу масала юзасидан дўкон бош офиси муҳандиси билан боғланиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун бўйича тушунтириш ишларини олиб борди. Натижада истеъмолчи харид қилган антирадар таъмирлаб берилди ва мурожаат ижобий ечим топди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.