Аномал иссиқ поездлар ҳаракатига ҳам таъсир қилди
Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ нафақат одамлар, балки темирйўл инфратузилмаси учун ҳам қўшимча эҳтиёткорлик чораларини талаб қилмоқда.
Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли темирйўл излари ва техник қурилмаларда ортиқча қизиш ҳолатлари юзага келмаслиги учун поездлар ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
Маълум қилинишича, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда темирйўл тармоғининг барқарор ишлашини сақлаб қолиш мақсадида айрим йўналишларда поездлар белгиланган тезликдан секинроқ ҳаракатланади.
Шу боис, айрим поездлар ўз манзилига ҳаракат жадвалида кўрсатилган вақтдан кечроқ етиб бориши мумкин.
Мутахассислар бундай чекловлар хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, йўловчилардан юзага келиши мумкин бўлган кечикишларни тўғри қабул қилишларини сўрамоқда. Темирйўл тизимидаги мазкур чоралар ҳаво ҳарорати меъёрлашгач бекор қилиниши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА