Андижондан Шинжонгача: ҳамкорлик ва минтақавий интеграциянинг янги босқичи
Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига (ШУАР) амалий ташрифи доирасида Шинжон Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз билан учрашди.
Томонлар транспорт ва энергетика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, ШУАР ва Андижон вилояти ўртасида савдо ва инвестиция ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Суҳбат доирасида Э.Тунияз олий ва юқори даражадаги фаол алоқалар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, янги ғояларни шакллантириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда муҳим ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у 2024 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашуви савдо, инвестициялар, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш учун замин яратганлигини қайд этди.

Ўз навбатида, Ж.Ваҳобов Ўзбекистон ва ШУАР ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, шунингдек, қуруқлик портлари, логистика марказлари ва чегараолди инфратузилмасидан янада кенг фойдаланиш истиқболларини қайд этди.
Мулоқот давомида Шинжонни Хитойнинг ғарбий дарвозаси ва Марказий Осиё билан боғловчи муҳим ҳудуд сифатидаги географик ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. ШУАР бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг уч давлати – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлган ХХРнинг ягона ҳудудидир. Хитойнинг минтақа давлатлари билан умумий савдо ҳажмининг қарийб 40% Шинжон минтақасига тўғри келади, бу эса унинг савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим ролини кўрсатади.
Шунингдек, суҳбат мобайнида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлининг минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳам муҳокама қилинди. Қашғардан бошланиб, Андижон вилоятигача давом этадиган йўналиш ишга туширилгач, мазкур темир йўл Хитойни Ўзбекистон темир йўл тармоғи билан бевосита боғлайди ҳамда Марказий Осиё орқали Европа, Туркия ва Яқин Шарқ йўналишларида юк ташиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Янги магистраль Марказий Осиё давлатлари учун Хитой бозорига кириш имкониятларини кенгайтиради ҳамда ХХРнинг шарқий портлари, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан алоқаларни мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, “Марказий Осиё–Хитой” формати доирасидаги Таълим соҳасидаги ҳамкорлик маркази кўмагида ШУАР ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш, жумладан, талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш қўллаб-қувватланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Шинжон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида ШУАРни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи стратегик марказ сифатида Андижон вилоятининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Ў.Алимов, ЎзА