Андижонда “Устозлар миллий форуми”
Янги Андижон шаҳридаги 1- умумтаълим мактабида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида III “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда таълим тизимига замонавий, илғор педагогик технологияларни жорий этиш, соҳани янада юқори босқичга кўтариш, ўқитишга хорижий тажрибаларни қўллаш, педагоглар билим ва малакасини ошириш борасида кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, тажрибали ўқитувчи ва мураббийлар, ёш педагоглар иштирок этган мазкур форумда ўтган ўқув йилида вилоят таълим тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар сарҳисоб қилинди.
–Мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан таълимга, унинг даражаси, қолаверса, бугун биз ўқитаётган ёшларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Шу боис ҳам, юртимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад билимли, салоҳиятли, бирор касб-ҳунарга эга, хорижий тилни ўрганган, эртага юрт учун манфаат келтирадиган, унинг равнақига хизмат қиладиган ёш авлодни тарбиялашдир.
Айни кунда вилоятдаги 754 та умумтаълим, 16 та Президент ва ихтисослаштирилган, 31 та хусусий мактабда 47 минг нафардан зиёд ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Мактабларда уларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур барча шароит яратилган.

Форумда янги ўқув йилида ютуқлар салмоғи, таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, педагогларнинг билим ва малакасини юксалтириш, педагоглар ўртасида устоз-шогид анъаналарини ривожлантириш, илғор педагоглар тажрибасини оммалаштириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Миллий форумда 2024-2025 ўқув йиллари Андижон вилоятида “Ўқувчи ёшларга миллий қадриятлар руҳида замонавий таълим бериш йили” деб эълон қилинди.

Шунингдек, форум доирасида Президентимиз топшириқларига асосан, Андижон вилоятига тақдим этилган 24 миллиард сўмлик “Совғалар карвони” эгаларига топширилди. Яъни ушбу совғаларда жамланган ўқув жиҳозлари, 95 та синф учун компьютер жамланмалари, 7 хил турдаги, жами 5 минг 355 дона турли мусиқа асбоблари тўплами, 5 хил турдаги 32 минг 113 дона спорт инвентарлари вилоят мактабларига юборилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари