Андижонда давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган бир гуруҳ андижонликларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Бобур шаҳрида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тақдирлаш маросимида мамлакатимизда кейинги йилларда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ривожига, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган инсонларнинг самарали меҳнатлари алоҳида эътироф этилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами, шунингдек, самарали ва ибратли фаолияти учун турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган юртдошларимизни муборакбод этиб, уларга мукофотларни тантанали равишда топширди.


– Юртимиз эртаси, келажаги зукко ва билимдон, юксак салоҳиятли ёшлар қўлида, – дейди Қўрғонтепа туманидаги 25-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Севара Собиржонова. – Шундай экан, ёшлар билан ишлаш, уларнинг юрт равнақига хизмат қиладиган, билимдон, истиқлол ғояларига садоқатли, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ана шу йўлдаги камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимдан беҳад мамнунман. Бу эътироф, эътибор менга куч, илҳом берди, қолаверса, юксак масъулият юклайди. Бундан буён ҳам ёшлар тарбияси, уларнинг янада пухта билим олиши йўлида астойдил меҳнат қиламан.


Тадбирда мукофотланганлар номидан сўз олганлар барчани мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, эътироф ва эътибор учун Президентимизга ўз миннатдорликларини изҳор этди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири