Анатол Ливен: «Ўзбекистон тинч атом энергетикасини ривожлантиришда масъулиятли ёндашув намунасини намоён этмоқда»
Вашингтондаги Масъулиятли давлат бошқаруви институти Евросиё дастури директори Анатол Ливен 26 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ядро қуролидан холи ҳудуд бўйича Тошкент мулоқоти» якунлари юзасидан сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ядро хавфсизлигини таъминлаш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни илгари суришдаги ролига юксак баҳо берди.
Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ядро қуролидан холи ҳудудни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси нафақат Марказий Осиё, балки дунёнинг бошқа минтақалари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки Марказий Осиё давлатлари ядро қуроли билан боғлиқ масалаларда ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик моделини шакллантиришга муваффақ бўлди.
«Айнан шу боис Ўзбекистон илгари сурган ушбу ташаббус ўзининг долзарблиги ва салмоқли аҳамияти билан ажралиб туради. У Марказий Осиё давлатлари умумий тинчлик мақсади йўлида бирлаша олишига яққол мисол бўлмоқда», — дея таъкидлади А. Ливен.
Эксперт глобал иқлим ўзгаришлари шароитида атом энергетикасини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, кам углеродли энергетикага ўтиш жараёни атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга бўлган эҳтиёжни тобора оширмоқда. Шу билан бирга, энергия манбаларини танлашда минтақанинг экологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда пухта ва масъулиятли ёндашув зарур.
Анатол Ливен таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика сиёсатини шакллантиришда комплекс ёндашувни намоён этмоқда. Бу ёндашув декарбонизация вазифаларини амалга ошириш билан бир қаторда Марказий Осиёнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш заруратини ҳам ўзида мужассам этади. Бундай ёндашув мамлакатнинг барқарор ривожланиш ҳамда минтақавий экологик хавфсизлик масалаларига нисбатан масъулиятли муносабатини яққол ифода этади.
Конференция якунларини сарҳисоб қилар экан, эксперт тадбирнинг юксак ташкилий савиясини алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистоннинг тинчлик ташаббусларини илгари суришдаги муҳим ролини таъкидлади. «Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим ташаббусларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди ҳамда бутун минтақа учун масъулиятли ва тинч тараққиётнинг ёрқин намунасини намоён этмоқда», — дея хулоса қилди Анатол Ливен.