Ҳамкорлик истиқболларига бағишланди
Тошкентда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармон доиралари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.
Тошкентда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармон доиралари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир икки мамлакат компаниялари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Кооперацион биржанинг очилишида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий муносабатлар стратегик шериклик асосида ривожланиб бораётгани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида икки юздан зиёд битим имзоланган. Ўзбекистонда 412 қўшма корхона, шунингдек, Жанубий Кореянинг 81 компанияси ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз Жанубий Кореяга озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари, машина ва асбоб-ускуналар, минерал ўғитлар етказиб бермоқда, шунингдек, транспорт, коммуникация ва сайёҳлик хизматлари кўрсатмоқда.
Кооперацион биржа янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш, бўлажак ҳамкорлар ҳақида зарур маълумотлар олиш борасида ўзига хос самарали майдонга айланди. Тадбир иштирокчилари иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонаси доирасида мамлакатимиз билан инвестициявий ҳамкорлик қилиш имкониятлари билан таништирилди.
– Бугун Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар учун қулай шароит яратилганига яна бир бор амин бўлдик, – дейди Чонжу университети Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази раҳбари, профессор Чонг Хо-Ён. – Икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги катта истиқболга эгадир.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Чонжу университети Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.