Амир Темур мероси — миллий давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан буюк давлат арбоби ва Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан жорий йил апрель ойи мамлакатимизда “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинди.
Мазкур ташаббус миллий давлатчилик тарихини чуқур ўрганиш, Темурийлар даврининг бой илмий-маданий меросини кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим маънавий-маърифий тадбирлардан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида “Амир Темур ва темурийлар мероси” мавзусида илмий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент кимё халқаро университети факультети декани, техника фанлари доктори, профессор, темурийшунос олим Акбар Замонов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, 1992 йилдан буён Амир Темур образини саҳнада гавдалантириб келаётган маҳоратли актёр Теша Мўминов иштирок этди.

Профессор Акбар Замонов ўз маърузасида мустабид тузум даврида ноҳақ қораланган Амир Темур шахсияти мустақиллик йилларида тарихий адолат асосида қайта тикланганини алоҳида таъкидлади. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Соҳибқирон сиймоси миллий давлатчилигимиз рамзига айланиб, халқимизда ўзликни англаш, миллий қадриятларни тиклаш ва тарихий хотирани мустаҳкамлашда муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, маъруза давомида Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги қатъиятли сиёсати, ҳарбий стратегияси, адолат тамойилларига асосланган бошқарув тизими ҳамда Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва меъморчиликнинг юксалиши ҳақида тарихий фактларга асосланган қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Таъкидланишича, Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожи нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшган.

Тадбир давомида иштирокчилар Амир Темур ва темурийлар даври мероси, давлатчилик анъаналари ҳамда тарихий шахсларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш борасида фикр алмашди.
Қайд этилишича, бундай илмий-маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида миллий тарихга ҳурмат, аждодлар меросига қизиқиш ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, “Амир Темур ойлиги” доирасида республика бўйлаб турли маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ва илмий анжуманларни ўтказиш режалаштирилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА