Америкалик адвокат: Ўзбекистонда судга мурожаат қилиш осон экан, бизда эса бу мураккаб жараён
Америкалик адвокат Скотт Ливин Ўзбекистон суд тизимининг замонавийлиги, электронлаштирилгани суд ҳимоясига эҳтиёжи бор кишилар учун яхши қулайлик эканини қайд этди.
Америкалик адвокат Скотт Ливин Ўзбекистон суд тизимининг замонавийлиги, электронлаштирилгани суд ҳимоясига эҳтиёжи бор кишилар учун яхши қулайлик эканини қайд этди. Фуқаро ўз уйида ўтириб судга мурожаат қилиши мумкинлигига қойил қолиш керак. Бизда эса судга мурожаат қилиш бунчалик осон эмас. Ҳуқуқи бузилган шахс бир неча босқичдан ўтиши, албатта адвокат ёллаши керак. Шундан кейингина судга шахсан бориб, мурожаат қила олади.
Фақат суд биносидаги хоналарда Президент портрети ўрнатилганига тушуна олмадим. Америка судларида Президент суратлари осиб қўйилиши мумкин эмас. Яна бир нарса - Ўзбекистонда 34 миллионга яқин аҳолига 4 минг адвокат хизмат кўрсатади, деб эшитдим. Менимча бу жуда кам.
Бу америкалик адвокатнинг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани фуқаролик ишлари бўйича суди биносини кўздан кечирганидан кейинги таассуротлари.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик“ қўшма лойиҳаси доирасида Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари судларига уюштирилган пресс-тур давом этмоқда.
Тадбирда журналистлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар иштирок этиб, судлар тўғрисида, суд тизимига киритилаётган янги ахборот технологиялари ва уларнинг афзалликлари билан танишмоқда.
Иштирокчилар аввал Оқолтин тумани маъмурий суди фаолияти билан танишган бўлса, кейинги манзил Ғаллаорол тумани фуқаролик ишлари бўйича суди бўлди.
Мазкур судда ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистон Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Ўзбекистон суд тизими, унда очиқлик ва шаффофлик қандай таъминланаётгани хусусида қисқача маълумот берди.
1,2 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Жиззах вилояти иқтисодий жиҳатдан тараққий этмоқда. Вилоятда иқтисодий зона ташкил этилган, 14 қўшма корхона ишлаб турибди. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вилоят иқтисодий судлари изчил фаолият юритмоқда. Тадбиркор ва инвесторлар фойдасига жорий йил ўтган даврида қарийб 1 триллион сўм ундирилган.
Вилоят маъмурий судларига давлат ва назорат органлари устидан 3 минг 600 шикоят тушган. Уларнинг аксарияти даъвогарлар фойдасига ҳал этилган.
Жиноят судларида оқлов ҳукмлари чиқариш кўпайган. Ярашув билан якун топаётган ишлар ҳам салмоқли. Жумладан, 300 нафарга яқин шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ярашув туфайли тугатилган.
Пресс-тур иштирокчилари судлар раислари билан мулоқот қилиш билан бирга, суд биносида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Замонавий икки қаватли бинода суд заллари, суд ходимлари учун хоналар бугун кун талабларига мос равишда жиҳозланган. Муҳими, суд биноси “Е-sud” дастури доирасида тўлиқ электронлаштирилган. Яъни фуқаролар судга масофадан туриб электрон мурожаат йўллаш, аризасини қайси судья ва қачон кўриб чиқиши бўйича онлайн хабардор бўлиш имконияти яратилган.
Тадбир давом этмоқда.