Амалиётда ташаббус кўрсатган талабалар тақдирланади
Бундан саккиз ой муқаддам олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларга 2-босқичдан ўз соҳасида ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини, бўлғуси мутахассислар учун таълим жараёнининг 70 фоизи амалиётда ўтиши кераклигини таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 4 мартида олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида 100 минг нафарга яқин талаба ишлашни хоҳлаши, улар учун юртимизда 105 мингта бўш иш ўрни борлиги, мавжуд муаммоларга совуққон эътибор қаратган ҳоким ва ректорлар танқид қилинган.
Хўш, бугун ишлашга иштиёқманд талабаларнинг амалиёт ўташи учун қандай шарт-шароитлар яратилмоқда. Уларда иш кўникмаларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар сифати қай ҳолатда?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали томонидан талабалар учун ўзига хос амалиёт иши ташкил этилди.
Бўлғуси ҳуқуқ посбонлари амалиёт ўташ ҳамда иш кўникмаларини шакллантириш учун Тошкент шаҳар ва вилоят ички ишлар бош бошқармалари ихтиёрига юборилди.
Мазкур амалиёт Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали талабалари учун назарий билимларини амалиётга боғлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори томонидан юритилаётган ҳужжатлар ва уларнинг кундалик фаолияти билан бевосита танишишдан иборат. Шунингдек, талабаларнинг “Иш ўрганувчи профилактика инспектори” лавозимида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, профилактика инспектори сифатида касбий билим, кўникма ҳамда малакаси оширилади.

Талабалар амалиётни маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида 5 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга тажрибали профилактика инспекторлари раҳбарлигида ўтайди.
Иш ўрганиш жараёнида бўлғуси мутахассислар маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги йўналишлари, алоҳида турдаги назорат ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда қатнашади.
Амалиёт жараёнида ташаббус кўрсатган, билим савияси юқори эканлигини намоён этган, шахсий иш режасида белгиланган вазифаларни сифатли бажарган талабалар жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашда эришган ютуқлари учун белгиланган тартиб асосида тақдирланади.
Бундай амалий жараён келгусида талабаларни ўз йўналиши бўйича ташкилотларга бириктириш, соҳани иқтидорли кадрлар билан таъминлаш, айниқса ёшларнинг ўз иш ўринларига эга бўлишига хизмат қилади.
Шуҳрат Шокиров,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали Касбий жанговар
тайёргарлик кафедраси мудири, полковник.