Алексей Лихачёв: Ўзбекистонда АЭС қурилиши - энергетика соҳасидаги “олмос” ечимдир (+видео)
Атом энергетикаси ва ядро технологиялари бугунги кунда дунёда стратегик аҳамиятга эга бўлган энг муҳим йўналишлардан бири саналади. Ушбу соҳа нафақат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, балки саноат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришда ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади.
Жорий йилнинг 20-22 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” VI халқаро саноат кўргазмаси доирасида ушбу йўналишдаги истиқболлар янада яққол намоён бўлди. Анжуман доирасида “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди. Суҳбатда атом энергетикаси ва ядро соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда келгуси режалар ҳақида сўз борди.
– Алексей Евгеньевич, аввало, Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси соҳасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги босқичини қандай баҳолайсиз? Келгуси қўшма лойиҳаларни амалга оширишда навбатдаги қадамлар нималардан иборат бўлади?
– Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик ва мустаҳкам асосга эга. Бу алоқалар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб келмоқда. Ҳамкорлигимиз уран қазиб олиш ва қайта ишлашдан тортиб, илмий-тадқиқот йўналишлари, жумладан, Фанлар академиялари даражасидаги мулоқотларни ҳам қамраб олган. Ҳозирги кунда асосий вазифамиз - мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш. Бу борада тадқиқот реакторлари учун ёқилғи етказиб бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро миқёсдаги илмий-амалий шерикликни кенгайтириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Албатта, бу ҳамкорликдаги энг муҳим ва “олмос”дек қимматли ечим - давлат раҳбарлари ва ҳукуматларимиз томонидан қабул қилинган интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича қарордир. Стратегик лойиҳа сифатида Жиззах вилоятининг Фориш туманида АЭС қурилиши режалаштирилган. Ушбу мажмуа бир майдонда тўртта реакторни ўз ичига олади: иккита 1000 мегаваттли йирик ҳамда иккита 55 мегаваттли кичик модулли реакторлар. Бундай ёндашув энергия тизимининг мослашувчанлигини оширади ва талаб кескин ўзгарган вазиятларда тезкор жавоб бериш имконини беради. Ягона инфратузилма эса қурилиш харажатларини оптималлаштиришга хизмат қилади.
Бу жараёнда регулятор органлар, “Ўзатом” агентлиги ва бошқа масъул тузилмалар билан бақамти иш олиб борилмоқда. Шунингдек, кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. 2019 йилда Тошкентда МИФИ филиалининг очилиши бу борада муҳим қадам бўлди. Ҳозиргача 161 нафар муҳандис тайёрланди, 300 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, яна 900 га яқин ёш мутахассис Россиянинг етакчи олийгоҳларида билим олмоқда.
– Сиз суҳбатларингизда “Атом шаҳри” ни яратиш ғоясини илгари сурган эдингиз. Ушбу ташаббуснинг моҳияти нимада?
– Атом энергияси тарихи бошланганидан буён биз фақат станция қуриш билан чекланмай, ижтимоий сиёсатни ҳам устувор йўналиш сифатида белгилаб келганмиз. Атом объектлари атрофида шаклланадиган шаҳарчаларда юқори сифатли таълим, мустаҳкам ижтимоий ҳимоя ва қулай яшаш шароитлари яратилади.
Энг муҳими, бу ерда билим ва тажриба авлоддан-авлодга ўтади. Масалан, Беларусдаги Островец шаҳрини олинг. 15 йил аввал у кичик бир аҳоли пункти эди, бугун эса аҳоли даромадлари бўйича етакчи, жадал ривожланаётган ҳудудга айланди. Биз ўзбекистонлик ҳамкорларимизни Россиядаги ана шундай “атом шаҳарлари” ва илмий марказлар фаолияти билан яқиндан танишиш учун таклиф этдик.
– Россия ва Ўзбекистон ўртасида келажакда қайси ноэнергетик йўналишлар ривожланиши мумкин?
– Жорий йил бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович томонидан ноэнергетик ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Ушбу ҳужжат имзоланди. Бу йўналишда ядро тиббиёти - радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш, онкология ва кардиология каби касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш устувордир.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида маҳсулотларнинг сақланиш муддатини узайтириш учун нурлантириш технологияларидан фойдаланиш ҳам муҳим. Бундан ташқари, композит материаллар, аддитив технологиялар, электромобиллар ва энергия сақлаш тизимлари каби “атомдан илҳомланган” соҳаларда ҳам катта компетенцияга эгамиз ва уларни бўлишишга тайёрмиз.
– Марказий Осиё минтақасининг умумий салоҳияти ва қўшни давлатлар - Қирғизистон ҳамда Қозоғистон билан ҳамкорлик қай даражада?
– Марказий Осиё - биз учун стратегик муҳим ҳудуд. Бу ерда иқтисодий ўсиш йиллик 7 фоиз атрофида, 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб эса 40 фоизга ошиши кутилмоқда.
Қозоғистонда ҳам атом электр станцияси қурилиши бўйича халқаро консорциум етакчиси сифатида танландик. Қирғизистонда эса бир нечта объектларда рекультивация ишларини якунладик ва ҳозирда Иссиқкўл вилоятида қайта тикланувчи энергия ҳамда кичик атом энергетикаси лойиҳаларини кўриб чиқяпмиз.
– Суҳбатимиз якунида Энергодар ва Запорожье АЭСдаги вазиятга тўхталиб ўтсангиз. Айни пайтда ҳолат қандай?
– Запорожье АЭС атрофидаги вазият ҳозирча тўлиқ барқарорлашгани йўқ. Бироқ МАГАТЭ миссиясининг навбатдаги ротацияси Россия ҳудуди орқали хавфсиз амалга оширилгани ижобий ҳолдир. Станция ҳозирда битта ташқи электр линияси орқали ишламоқда. Хавфсизлик тизимлари доимий назоратда. Ҳатто ташқи таъминотда узилишлар бўлган тақдирда ҳам дизель-генераторлар штат режимида ишга тушиб, барқарорликни таъминламоқда. Биз Энергодар шаҳри ва станция жамоасини қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни сақлаш учун барча зарур чораларни кўряпмиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VjwzmrcJ5us" title="Aleksey Lixachyov: O‘zbekistonda AES qurilishi - energetika sohasidagi “olmos” yechimdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди