АКТ соҳасига дахлдор масалалар ўрганилди
Бухоро вилоятининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Олот туманида аҳоли вакиллари учун сайёр қабул ўтказилди. Унда 150 га яқин фуқаро иштирок этди.
Сайёр қабулда Рақамли технологиялар вазирлиги, Олот тумани ҳокимлиги, вазирликнинг Бухоро вилояти ҳудудий шуъбаси, “Ўзкомназорат” Бухоро вилоят ҳудудий шуъбаси ҳамда тизим ташкилотларининг вилоятдаги бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.
Вазирлик фаолиятидан келиб чиқиб, аҳоли вакиллари телекоммуникация хизматлари, почта, телевидения, мобиль алоқа ҳамда рақамли таълим йўналишлари билан боғлиқ саволларига жавоб олиб, янгиликлар билан танишди.

Савол-жавобларга бой бўлган учрашувда фуқаролар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига дахлдор ўзларини қийнаётган муаммолар, масалаларни кўтариб чиқди.
Рақамлаштириш соҳаси ривожи учун муҳим бўлган бу масалалар қаторида юртдошларимиз соҳани ривожлантириш юзасидан таклиф ва истакларини билдирди.

Мобиль алоқа ва “Ўзбектелеком” АК кўчма савдо шохобчалари томонидан сайёр қабулга келган фуқаролардан хизматга уланиш учун аризалар қабул қилинди ва аксарият мурожаатлар жойида ижобий ҳал қилиб берилди.
Шунингдек, мазкур сайёр қабулда кўтарилган муаммо ва масалаларни Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги масъул шахслар ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири