Академияда байрам катта тантана билан нишонланди
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам байрам муносабати билан профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг фарзандлари учун “Янги йил эртаги” номли тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Академия “Талабалар театр -студияси” томонидан саҳналаштирилган эртак-спектакль намойиш қилинди.
Тадбирнинг биринчи қисмида ректорат ва бўлимлар, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети, “Зиё” медиа маркази ходимлари ҳамда уларнинг фарзандлари учун ташкил этилди.

Иккинчи қисмида эса академик лицей, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Исломшунослик ҳамда Мумтоз шарқ филологияси факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда уларнинг фарзандлари учун шоу-дастури давом этади.

Байрам тадбирини Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов кириш сўзи билан очиб берди. Академия ректори сўзининг аввалида барчани кириб келаётган янги йил билан табриклади. Тинчлик-хотиржамлик, оилавий тотувлик, касбий баркамоллик, сиҳат-саломатлик тилади.

Шундан сўнг Академия талабалари ижросида “Янги йил” қўшиғи, меҳмон санъаткорлар ижросида болажонлар учун янги йил қўшиқлари ҳам эртак қаҳрамонлари билан рақслар тадбирга янада файз улашди.
Қорбобо томонидан шеър ёки қўшиқ айтган болажонларга совғалар улашилди.
Тадбир якунида Академия ходимлари ва профессор-ўқитувчилари фарзандларига байрам совғалари улашилди.
Академия томонидан профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг фарзандлари учун ўйинчоқлар ва ширинликлардан иборат “Янги йил совғаси” болажонларга унутилмас туҳфа бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА