Аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиляптими? (+видео)
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Президентмиз томонидан қабул қилинаётган соҳага доир фармон ва қарорлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2020 йилнинг 12 ноябрида қабул қилинган “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсад қилинган.
Хўш, фармонда белгиланган вазифалар қай даражада бажариляпти? Тиббиётнинг бирламчи бўғини саналган оилавий поликлиникаларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиляптими? Халқимиз тиббиёт соҳасидан, шифокор ва ҳамширалар хизматидан мамнунми? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбирлари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги оилавий поликлиникаларда ўрганиш ўтказди.
Сергели туманидаги 61-сонли оилавий поликлиника 26 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Ҳозир юздан ортиқ тиббиёт ходими, жумладан, умумий амалиёт шифокори, ҳамшира, лаборант ҳамда гинеколог, невропатолог, окулист, хирург, педиатр, инфексионист сингари тор соҳа мутахассислари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бино ичкарисига кирар эканмиз, хизмат вазифасини бажараётган ҳамшира ва шифокорларга, шифо истаб ёки бирон бир юмуш билан келган аҳоли вакилларига кўзимиз тушади. Коридорда одам гавжум, эшиклар олдида ўз навбатини кутаётган ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар...
Бу ерда аллерголог мутахассис, умуман, бу штатнинг ўзи йўқ. Бундай вазиятда бемор туман(шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ёки вилоят шифохоналарига юборилиши лозим. Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 12 ноябрида қабул қилинган фармонга кўра, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилиши белгилаб қўйилган. Аммо ҳали-ҳамон айрим шифокорларимиз бу ўзгаришдан бехабар кўринади. Бўлмаса, шифокор ўз қабулига кирган она-болани муаммосига ечим топмасдан чиқариб юборармиди?
Ҳарқалай, бир неча кундан бери овора бўлиб юрган она ва ўғилга поликлиника бош шифокори рўбарў келиб, уларнинг муаммоси ҳал этиладиган бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/imqLhtmy6r0" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Навбатлар нафақат аҳолига, балки шифокорларга ҳам ноқулайлик туғдиради. Хоналар эшиги олдида одам кўп, коридор шовқин-сурон, ёш болалар йиғисига тўла бўлса-ю, қандай қилиб шифокор беморга сифатли хизмат кўрсатсин.
Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишларида, ҳудудларга ташрифлари чоғида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлигини ошириш лозимлигини қайта ва қайта такрорлаяпти. Аммо бу поликлиникада аҳолига сифатли хизмат кўрсатиляпти, дея олмаймиз. Боиси, 26 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган мазкур оилавий поликлиника ҳозир 3 та, яъни Янги ҳаёт, Янги умид, Ташаббус маҳаллаларининг 15 минг нафар аҳолисига ҳам вақтинча юклама билан хизмат кўрсатмоқда.
Бош шифокорнинг сўзларига кўра, Янги ҳаёт тумани аҳолисининг асосий қисми ёш оилалардан иборат. Шундай экан, ушбу ҳудуддан келувчиларнинг аксариятини ҳомиладор аёллар, ёш болалар, чақалоқлар ташкил этади. Ана шуларни инобатга олган ҳолда, ҳафтанинг беш кунида чақалоқларни эмлаш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда 1 минг 200 нафар ҳомиладор аёл рўйхатга олинган. Ҳайратланарлиси, шунча ҳомиладор аёлга атиги икки нафар гинеколог хизмат кўрсатмоқда. Биз борган пайтда эса уларнинг бир нафари бетоблиги сабабли хизмат жойида йўқ экан.
Энди бир ўйлаб кўрингга, бир штатда ишлайдиган шифокор белгиланган меъёрга кўра, кунига 20 нафар ўрнига 50-60 талаб фуқарога хизмат кўрсатса, иш вақти тугаб кетса-да, қўшимча 3-4 соатлаб ишда ўтирса?! Бундай вазиятда табиийки, шифокор ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчайди, қўшимча юклама, босим натижасида аҳолига сифатли хизмат кўрсата олмайди.
Тумандаги 10-сонли оилавий поликлиника фаолиятида ҳам ана шундай ҳолатларни кузатдик. Бош шифокор ўринбосари Умида Рустамованинг сўзларига кўра, ушбу оилавий поликлиника 25-30 минг аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, ҳозир 60 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, бу ерда мутахассислар ҳамда зарур тиббий аппаратуралар етишмаслиги муаммоси мавжуд.
Видео-лавҳадаги ҳолатларга сиз нима дейсиз, ҳурматли сайтимиз ўқувчилари?
Моҳигул Қосимова, Ёқуб Мелибоев (+видео), ЎзА