Аҳоли мурожаатларига ечим изланди
Ховос туманида O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган сайёр қабул аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга хизмат қилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда фуқароларнинг турли соҳаларга оид мурожаатлари тингланиб, уларга амалий ечим топиш чоралари кўрилди.
Сайёр қабулда Сенатор, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова, партиянинг вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, Ховос тумани ҳокими Қомус Юлдашев ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Тадбир давомида аҳолидан жами 135 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг асосий қисми тиббиёт, таълим, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ таъминоти, чиқиндиларни олиб чиқиш ва ижтимоий ёрдам масалаларига тўғри келди.
Мурожаатларнинг 70 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган масалалар юзасидан эса мутасадди ташкилотлар масъулларига тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Тадбирда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, битирувчи ёш мутахассисларни ҳудудларга жалб қилиш ҳамда улар учун муносиб шарт-шароит яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзга чиққанлар бундай сайёр қабуллар аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, одамларнинг дарду ташвишларини ўрганиш ва муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА