Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро физика олимпиадаси ўтказилади
Жорий йилнинг 10–17 октябрь кунлари қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли халқаро илмий мусобақада Хитой, Иордания, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Латвия, Малайзия, Монголия, Қатар, Руминия, Россия, Туркия, Туркманистон, Вьетнам ҳамда Ўзбекистон давлатларидан терма жамоалар иштирок этади.
Олимпиаданинг асосий мақсади иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг физика фанига бўлган қизиқишини янада ошириш, илмий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда халқаро миқёсда билим ва тажриба алмашиш учун кенг имконият яратишдан иборат.
Шунингдек, олимпиада фаолияти жараёнига хорижий давлатлардан юқори малакали экспертлар, етук олимлар ва профессорлар ҳам жалб этилган. Уларнинг иштирокида мусобақанинг халқаро талаблар асосида ташкил этилиши, иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини холис баҳолаш ҳамда илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадасининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро таълим ва илм-фан соҳасидаги нуфузини янада ошириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА