Аҳиллик – тараққиёт омили
Бу юртда одамлар ирқи, миллати, диний эътиқоди учун камситилмайди. Аслида она заминимизда кимнинг қай миллат вакили эканини "суриштириш" ўта номақбул саналади. Зеро, халқимиз азалдан бағрикенглиги, меҳридарёлиги, одамийлиги, саховатпешалиги билан дунёга ном қозонган халқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти таҳлили" мавзуидаги матбуот анжуманида иштирок этиб, шулар хаёлимдан ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов ва бошқалар турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, аҳиллик,ўзаро дўстлик муҳитини таъминлаш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган шиддатли ва ортга қайтмас ўзгаришлар жараёнида устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.
Айни масала давлат раҳбарининг доимий эътиборида экани 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Олий Мажлис ҳамда халқимизга Мурожаатномаларида, юксак минбарлардаги нутқларида намоён бўлиб турибди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш масаласига доимий эътибор қаратмоқда.
Айни пайтда қўмита Ватанимиз истиқлолига бағишланган "Шу азиз Ватан барчамизники!", "Ўзбекистон – умумий уйимиз", "Ягона ва аҳил оилада" мавзуидаги дўстлик фестиваллари, кўрик-танловлар, ижодий лойиҳалар, кўргазмалар, концертларнинг доимий ташаббускоридир.
Юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданияти ривожига ҳисса қўшиш, миллий ва жаҳон адабиёти, санъати, маданиятининг энг яхши тенденцияларини тарғиб этиш қўмита фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.
2020 йил мамлакатимиз учун қанчалик оғир, машаққатли кечмасин, қўмита дўстлик ва ҳамкорлик тарғиботига оид анжуманлар, танловлар, форумлар, ҳафталикларни онлайн тарзда ўтказишга муваффақ бўлди.
Юртимизнинг турли ҳудудларида "Дўстлик уйлари", маданият ва маърифат масканлари, маданият саройлари барпо этилди. Миллий маданий марказларнинг илғор маърифий лойиҳалари Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси ва жамоат фонди томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 30 июль “Халқлар дўстлиги куни” деб белгиланиши халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Айни пайтда бу эътибор қўмита зиммасига янги вазифаларни юклайди.
Анжуманда қўмита фаолиятига оид саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА