Аҳиллик, ҳамжиҳатлик байрами
"Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамияти томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда “Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида байрам ташкил этилди.
Талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокидаги байрам сайли ғоят шукуҳли тарзда ўтди.
Маълумки, Наврўз асрлар оша нишонлаб келинаётган гўзал қадриятлар ва урф-одатлар байрами ҳисобланади. Ушбу байрамда халқимизнинг ўзаро меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, саховатпешалик ва бағрикенглик фазилатлари намоён бўлади. Байрам муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида халқ сайиллари, миллий ўйинлар мусобақаси, фольклор жамоаларининг айтишувлари ва лапарлар карантин қоидаларига риоя этган тарзда уюштирилаяпти.
Наврўз Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, Кичик Осиё ва Кавказорти мамлакатларида ҳам кенг нишонланади. Айни пайтда ушбу байрам дунё халқларида ҳам катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда.
Байрамона кайфият, баҳорий таомлар, ўйин-кулгу, байрам шукуҳи билан бўлиб ўтган сайилда миллий қадриятларимиз акс этган байрам дастурида турли вилоятлар чиқиши, таомлар танлови бўлиб ўтди. Шунингдек, бадиий-мусиқий дастурлар, спорт мусобақалари ва турли танловлар ҳам ташкил қилинди.
Н.Усмонова,
ЎзА