Агрокимёвий таҳлил марказида пресс-тур
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил марказига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, қишлоқ хўжалигида тупроқ таҳлилининг аҳамияти, агрокимёвий лабораторияларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳада жорий этилаётган замонавий технологиялар билан журналистларни яқиндан таништиришдан иборат.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер унумдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада илмий асосда иш олиб бориш, айниқса, тупроқ таркибини таҳлил қилиш орқали экин майдонлари ҳолатини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Пресс-тур давомида иштирокчилар марказ лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан тупроқ намуналарини қабул қилиш, таҳлил жараёнлари, минерал ва органик ўғитлар таркибини аниқлаш ҳамда уларнинг давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, агрокимёвий таҳлил натижалари фермер ва деҳқонларга ердан унумли фойдаланиш, экин турига мос ўғитлардан тўғри фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, марказда тупроқларнинг зарарли пестицидлар, оғир металл қолдиқлари ва бошқа моддалар билан ифлосланиш ҳолатини аниқлаш бўйича ҳам мониторинг ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази биноси Жаҳон банки ҳомийлиги ҳисобидан 96 минг АҚШ долларга қайта реконструкция қилиниб, бугунги кунда таъмирлаш ишлари якунланди. Марказ Германия, Россия ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланган. Бу эса таҳлилларни юқори аниқлик ва тезкорлик билан амалга ошириш имконини бермоқда.
Дарҳақиқат, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва илмий асосда амалга ошириш, тупроқ ҳолатини узлуксиз таҳлил қилиб бориш ҳамда ўғитлардан стандарт асосида фойдаланиш юқори ва сифатли ҳосил олишнинг муҳим омилларидан биридир. Марказ томонидан жорий йилда фермер, кластер ҳамда суғориладиган экин майдонларидан фойдаланувчилар билан 29 минг 987,4 гектар майдонга шартнома тузилди. Ушбу шартномалар асосида 22 минг 401 гектар экин майдони тупроғи таҳлилдан ўтказилиб, агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқилди ва uzagrolab.uz электрон платформасига жойлаштирилди.
Бундан ташқари фермер, кластер ҳамда суғориладиган экин майдонларидан фойдаланувчиларни сифатли минерал ўғитлар билан таъминлаш мақсадида минерал ўғит ишлаб чиқарувчилар ҳамда минерал ўғит етказиб берувчилар билан 15 та шартнома тузилиб, 104 та намуна агрокимёвий таҳлилдан ўтказилиб, тегишли хулоса берилди. Шунингдек, бугунги кунда 3 минг 810 томорқа ер эгасининг 457,2 гектар экин майдони таҳлилдан ўтказилиб агрокимёвий хулосалар ишлаб чиқилди.
Тадбир давомида журналистлар лабораторияда амалга оширилаётган таҳлил жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.