АЭС қурилиши: "РИТМ-200Н" энергоблокни барпо этишга расман рухсат берилди
Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш йўналишида муҳим навбатдаги босқич амалга оширилди. "РИТМ-200Н" ядровий қурилмаси асосидаги энергоблокни барпо этиш учун расмий лицензия берилди.
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида энергетика соҳасини диверсификация қилиш, барқарор ва экологик тоза энергия манбаларини кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Атом электр станцияси қурилиши билан боғлиқ барча жараёнларда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳа доирасида "Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси" давлат муассасаси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Қўмита ҳузуридаги Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази томонидан комплекс тарзда ўрганилди. Ушбу жараёнда хавфсизлик талаблари, техник ечимлар ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлик алоҳида баҳоланди.
Аввалроқ, жорий йилнинг 23 март куни АЭС қурилиши учун ажратилган майдондан фойдаланишга рухсат берилган эди.
Шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари халқаро тажриба, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда Атом энергияси халқаро агентлик (МАГАТЭ) тавсиялари асосида кўриб чиқилди. Таҳлил жараёнига хорижий экспертлар ва халқаро ташкилот мутахассислари ҳам жалб этилди.
Навбатдаги босқичда қўмита ҳузурида ташкил этилган Кенгаш томонидан "РИТМ-200Н" ядровий қурилмаси асосидаги энергоблокни барпо этишга лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қўмита ахборот хизматига кўра, қурилиш ишлари давомида лицензия талабларига қатъий риоя этилиши, аҳоли ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш ҳамда барча жараёнлар устидан доимий давлат назорати ўрнатилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА