Адвокатура институти такомиллашмоқда
Тошкентда “Адвокатура институтини ривожлантириш: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тошкентда “Адвокатура институтини ривожлантириш: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан биргаликда ташкил этилган анжуманда 20 га яқин хорижий давлатдан адвокатлар уюшмалари, халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, соҳага ихтисослашган таълим муассасалари вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов, Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров, БМТ Тараққиёт дастури бўлим раҳбари Комила Муҳамедхонова, АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениэль Розенблюм ва бошқалар кейинги йилларда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатлар мустақиллигини таъминлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини таъкидлади. Хусусан, айни жараён билан бевосита боғлиқ бўлган халқ билан мулоқотнинг жаҳон тажрибасида кузатилмаган шакли йўлга қўйилгани, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган одил судловга эришиш масаласи Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг экани эътироф этилмоқда.
– Немис экспертлари Ўзбекистонда илк бор адвокатларнинг йирик анжуманида иштирок этмоқда, – деди Германия ҳуқуқшунослари федерал ассоциациясининг халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича директори, доктор Вероника Хоррер. – Анжуман бизда катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар мулоқот жараёнида жуда кўп фойдали маълумотлар, янгиликларга эга бўлди. Биз ҳам Германия адвокатура тизимининг бугунги тараққиёти ҳақида тақдимот ўтказдик. Германияда адвокатлар мустақил фаолият олиб бораётганига 140 йилдан ошди. Аҳамиятлиси, Ўзбекистоннинг адвокатура институтини ривожлантириш борасидаги интилишларини Европа давлатлари қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга Ўзбекистондан ўрганадиган жиҳатларимиз етарли. Келажакда мамлакатингиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Конференцияда адвокатура соҳасидаги энг сўнгги ютуқларга алоқадор, соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Замонавий юридик таълим ва амалиётнинг долзарб муаммолари юзасидан тажриба алмашилди.
Анжуман давомида хорижий мутахассисларнинг давлат бошқаруви, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура институтини ривожлантиришга бағишланган маърузалари тингланди. Хорижий ҳамкорлар билан адвокатура соҳасида тажриба алмашиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, ахборот алмашинувини йўлга қўйиш каби йўналишлар бўйича ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан келишувларга эришилди.