Адлия идоралари фаолиятига назар
Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан ўтган 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, Президентимизнинг 2024 йил 24 майда қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга катта туртки бўлди.


– Ўтган йил давомида бошқармамиз ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимларига келиб тушган 13 минг 318 мурожаатнинг 11 минг 186 таси, яъни 84 фоизи қонуний ҳал этилди, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов. – Ҳуқуқи тикланган аҳоли сони 9 минг 885 нафарни ташкил қилган бўлса, 846 тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди. Қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида ҳудудларда 40 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.


Маҳаллалардаги ўрганишлар давомида мерос ишини расмийлаштириш, никоҳни қайд этиш, уй-жой ҳужжатини расмийлаштириш, туғилиш ва ўлим гувоҳномасини олиш, пенсия ва ногиронлик белгилаш, исм-шарифларга ўзгартириш киритиш каби қатор ҳуқуқий муаммоларга дуч келинди. Уйма-уй ўрганиш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида ўтган йилнинг охирида “Ҳуқуқий маҳалла” концепцияси йўлга қўйилди. Бу илк бор Тўрақўрғон тумани Зарбдор маҳалласида тажриба тариқасида муваффақиятли амалга оширилди. Биргина ушбу маҳалладаги 1033 хонадон хатловдан ўтказилиб, бунинг самарасида 2 минг 670 ҳуқуқий муаммо аниқланиб, шундан 2 минг 452 таси ижобий ҳал этилди.


Эндиликда концепция доирасидаги ишлар бутун вилоят маҳаллаларида бошлаб юборилди. Шу йилнинг январь-февраль ойларида график асосида ўрганилиши белгиланган маҳаллаларда Зарбдор тажрибаси қўлланилмоқда.
Адлия идоралари ташаббуси билан уюштирилган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси доирасида 45 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, унда 2 минг киши ҳужжатли бўлди. Озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтган фуқаролар учун ўтказилган “Ҳуқуқий кўмак” акциясида 54 маротаба сайёр қабул ташкилланди ҳамда 64 фуқаронинг реал муаммоси ҳал қилинди.
Матбуот анжуманидан сўнг бўлиб ўтган пресс-турда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти мисолида таништирилди. Қайд этилганидек, Наманган вилоятида 2024 йилда 1 миллиондан ортиқ фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилди, dxa.gov.uz электрон тизимига 23 та янги хизмат қўшилди.
Ўтган йилнинг май ойида вилоят шаҳар ва туманларидаги чекка ва олис маҳаллаларга интерактив киосклар ўрнатилиб, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Интерактив киосклар орқали 45 минг нафардан ортиқ аҳоли томонидан 50 тадан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланилган.
Бугунги кунда, вилоятдаги барча адлия бўлимлари, Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ органлари бинолари тўлиқ кузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, ушбу кузатув камералари орқали хизмат кўрсатиш жараёнини реал вақт режимида кузатиш мумкин. Шунингдек, мазкур кузатув камералари адлия бошқармаси ва адлия вазирлиги биносида барпо этилган “Ситуацион марказ” билан ҳам боғланган.
Ўтган йили вазирлик ва вилоят марказлари томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича 24 ходимга нисбатан аниқланган қонунбузилиши юзасидан тегишли таъсир чораси қўлланилиб, олтита ҳолат юзасидан ҳайфсан ва 18 та ҳолатда устама пасайтириш билан боғлиқ интизомий жазо чораси қўлланилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА