Адлия аралашуви билан ҳамшира ишга тикланди
Гулистон туманида меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ мурожаат адлия органлари аралашуви билан ижобий ҳал этилди. Натижада ҳомиладорлик ва бола парвариши таътилидан сўнг иш жойига қайта олмаётган ҳамширанинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Гулистон туман тиббиёт бирлашмасининг “Юлдуз” оилавий шифокорлик пунктида ҳамшира лавозимида ишлаб келган Нилуфар Холматова туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, 2019 йилда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққанини, 2022 йилда эса бола парвариши таътилини қонунчиликда белгиланган тартибда узайтирганини маълум қилди. Бироқ таътил муддати якунланганидан кейин аввалги иш жойига қайтишда муаммога дуч келганини билдириб, ҳуқуқий ёрдам сўради.
Мурожаат туман адлия бўлими мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиб, ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилди.
Қонунчиликка кўра, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, бола парвариши таътилида бўлган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади. Таътил муддати тугагач, ходим аввалги иш жойига ёки унга тенг меҳнат шартлари ва иш ҳақи сақланган бошқа лавозимга қайта тикланиши шарт.
Адлия бўлимининг ҳуқуқий аралашуви натижасида мурожаатчининг меҳнат ҳуқуқлари тўлиқ тикланди ва у “Юлдуз” оилавий шифокорлик пунктидаги аввалги лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири