76,5 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди: бу жараёнда қандай ютуқ ва камчиликлар бор?
Мамлакатимизда давлат хизматларини рақамлаштириш ва бюрократияга чек қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тизим инсон омилини камайтириш ва шаффофликни ошириш сари дадил қадам ташлаётган бўлса-да, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган камчиликлар ҳам йўқ эмас.
Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти раҳбари Элдор Маҳкамов билан тизимдаги энг сўнгги янгиликлар, демографик кўрсаткичлар ва аниқланган қонунбузилишлар ҳақида суҳбатлашдик.

– Давлат хизматларини таҳлил қилиш ва ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу янги ҳужжатлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳаётини сезиларли даражада енгиллаштиришга қаратилган. Хусусан, уларда 36 турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатларини қисқартириш, ариза берувчиларнинг хоҳишига кўра 9 турдаги ҳужжатларни тезлаштирилган тартибда бериш назарда тутилган. Энг муҳими, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида 207 та мажбурий талаб бутунлай бекор қилинди.
Соҳага жамоатчилик назоратини олиб кириш мақсадида лицензиясиз фаолият ҳақида хабар берган шахсларга жариманинг 10 фоизи миқдорида пул мукофоти бериш тартиби белгиланди.
Талабалар учун эса яна бир қулайлик – турар жойларга қабул қилиниш жараёни проактив (инсон омилисиз, автоматик) шаклга ўтказилмоқда. Умумий ҳисобда 178 та давлат хизматини кўрсатиш тартиби соддалаштирилиб, давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 624 тага етказилди.
Бизнес жараёнларини реинжиниринг қилиш усуллари орқали 40 турдаги ортиқча маълумот ва ҳужжатлар тизимдан чиқариб ташланди.
– Жорий йилда давлат хизматлари марказларида қанча хизмат кўрсатилди?
– Бу даврда марказлар томонидан жами 76,5 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Эътиборли жиҳати, аҳолининг рақамли кўникмалари ошиб бораётгани сабабли хизматларнинг қарийб 86 фоизи (65,6 миллиондан ортиғи) онлайн шаклда амалга оширилди. Офлайн, яъни бевосита марказга келиб олинган хизматлар эса 10,9 миллионни ташкил этди.
Бу даврда марказларда ўртача хизмат кўрсатиш вақти атиги 4 дақиқани ташкил этгани тизимнинг тезкорлигидан далолат беради. Шу билан бирга, марказлар орқали 68 мингдан зиёд юридик шахс ва 188 мингдан ортиқ жисмоний шахс рўйхатдан ўтказилди.
– Аҳоли қайси давлат хизматларидан кўпроқ фойдаланмоқда?
– Аҳоли ўртасида энг оммабоп бўлган “ТОП-5” хизматларни санаб ўтадиган бўлсак, булар – кредит битимига тақиқ қўйиш ёки уни олиб ташлаш (6,9 миллион), меҳнат фаолияти тўғрисида маълумотнома олиш (5,7 миллион), доимий яшаш жойи тўғрисида маълумотнома (4,5 миллион), ҳисобланган иш ҳақи тўғрисида маълумотнома (4,2 миллион), болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш (2,6 миллион) кабилардир.
Марказларда кунлик ўртача фойдаланувчилар сони 79 минг атрофида бўлса, тиғиз кунларда бу кўрсаткич 141 минг нафаргача етган. Соатлар кесимидаги таҳлилларга кўра, аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган вақт соат 10:00 дан 11:00 гача бўлган оралиқдир (17 мингдан ортиқ ташриф).
Маҳаллаларда ўрнатилган 197 та махсус инфокиосклар эса чекка ҳудудлардаги аҳолига марказга келмасдан 98 мингдан ортиқ хизматдан фойдаланиш имконини бермоқда.
– Бугунги кунда Ўзбекистондаги демографик манзара қандай?
– ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатилган хизматларда ҳам рақамлаштириш даражаси юқори – онлайн хизматлар улуши режадаги 70 фоиз ўрнига 70,7 фоизни ташкил этди. Жами 989 мингдан зиёд хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 87 мингдан ортиғи сайёр (мобиль) шаклда ташкил этилди.
Статистика мамлакатимиздаги демографик ўсиш барқарор эканини кўрсатмоқда: жорий йил 9 ойида 647 минг 723 та туғилиш қайд этилган бўлиб, уларнинг 15 минг 316 тасини эгизаклар ташкил этган. Шу билан бирга, 172 минг 29 та никоҳ тузилган бўлиб, никоҳланувчиларнинг ўртача ёши эркаклар учун 27,1, аёллар учун эса 22,4 ёшни ташкил этди.
Никоҳланувчиларнинг катта қисми (143 мингдан ортиғи) 30 ёшгача бўлган ёшлар. Бироқ ҳаётда рекордлар ҳам учраб туради: энг ёши катта куёв 89 ёшда, келин эса 82 ёшда оила қурган.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг юксалаётгани белгиси сифатида 31 минг 869 та никоҳ шартномаси расмийлаштирилганини айтиш ўринли. Эрта ажримлар (1 йилгача бўлганлар) сони эса 1 минг 705 тани ташкил этди.
– Давлат хизмати кўрсатиш соҳасида сифат назорати ва камчиликларга қарши кураш қандай йўлга қўйилган?
– Давлат хизматлари сифатини назорат қилиш йўналишида фуқароларнинг қатъий позицияси ва тизимли мониторинг ўз самарасини бермоқда. Аҳолининг хизматлардан қаноатланиш даражаси 98 фоизга етди, муддат бузилишининг олдини олиш кўрсаткичи эса 99,88 фоизни ташкил этди.
Умумий хизматлар ҳажмида қонунбузилишлар улуши атиги 0,14 фоизни ташкил этган бўлса-да, назорат тадбирлари давомида 112 минг 208 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди.
Қувонарлиси, бу кўрсаткич ўтган даврга нисбатан 40,3 фоизга камайган. Аниқланган камчиликларнинг асосий қисми муддат бузилиши (91 мингдан ортиқ) ва асоссиз рад этиш (18,6 минг) ҳолатлари билан боғлиқ.
Қонунбузилиш ҳолатлари энг кўп кузатилган ташкилотлар рўйхатида Кадастр агентлиги (19 минг 233 та), “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (16 мингдан зиёд) ва Транспорт назорат инспекцияси (11 минг 838 та) етакчилик қилмоқда.
Аниқланган ҳолатлар бўйича 8 минг 144 та таъсир чораси кўрилди. Натижада 3 минг 221 та ҳолатда масъуллар маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 минг 725 та огоҳнома ва 510 та тақдимнома киритилди. 2 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатиш ҳақида таклиф (материал) расмийлаштирилди.
Давлат хизматлари соҳасидаги бугунги рақамлар шуни кўрсатадики, тизим инсон омилини камайтириш ва шаффофликни ошириш сари дадил қадам ташламоқда.
Мақсад – фуқаро давлат идоралари эшигида сарсон бўлмаслиги, балки бир неча дақиқа ичида, керак бўлса уйдан чиқмасдан ўз муаммосини ҳал эта олиши зарур. Бу борадаги ислоҳотлар эса изчил давом эттирилади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди