70 ёшли момо илғор теримчилардан ортда қолмади
Шу кунларда далаларимизда пахта қийғос бўлиб очилган. Пахтани ёғин-сочин кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олишда иштирок этаётган ҳашарчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида Сирдарё туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, туман маҳалла уюшмаси томонидан "Bolushev Murod" фермер хўжалигида теримчилар ўртасида "Ким ўзар"га мусобақа ташкил этилди.
55 нафар илғор теримчи иштирок этган мусобақада Малика Мақсудова, Саодат Эргашева, Ойжамол Исаева, Каромат Қувонова, Гулнора Ҳайдаровалар тушга қадар 180-200 килограммдан пахта териб, ғолибликни қўлга киритишган бўлса, мазкур мусобақада иштирок этган 70 ёшни қаршилаган Ойжамол момо Жуманова 85 килограмм пахта териб, илғорлардан ортда қолмади.

–Ёшлигимда 250-300 килограммгача пахта терардим,–дейди момо. –Қани ўша вақтлар қайтиб келганида эди...
–Ўтказилган мазкур мусобақа барча теримчиларга куч ва шижоат бағишлаб қолмай, терим суръатини кўтаринки руҳда ўтказиш имконини берди,–дейди "Мадад гуруҳи" раҳбари Ирода Қўшбоева.


Қувончлиси, шу жойнинг ўзида ҳар бир килограмм қўлда терилган пахта учун берилган 2500 сўмдан миқдордаги терим пули чеварларни хурсанд қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири