35 йилда талабалар сони қарийб 4,6 баробар ошди
Ўзбекистонда олий таълим тизими сўнгги ўттиз беш йил ичида тубдан ўзгарди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатдаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Бу 1991/1992 ўқув йилидаги 337,4 минг нафар кўрсаткичга нисбатан 1 миллион 197,6 минг нафарга кўп ёки қарийб 4,6 баробар ўсишни англатади.
Таҳлилларга назар ташласак, мустақилликнинг илк йилларида талабалар сони сезиларли даражада камайган. Масалан, 1995/1996 ўқув йилида бу кўрсаткич 192,1 минг нафарга, 2000/2001 ўқув йилида эса 183,6 минг нафарга тушиб кетган. Бу давр иқтисодий ислоҳотлар, олий таълим муассасалари сонининг чекланганлиги ва қабул квоталарининг камлиги билан изоҳланади.
2005 йилдан бошлаб ўсиш қайта тикланган бўлса-да, 2015/2016 ўқув йилигача талабалар сони 300 минг нафарга ҳам етмаган. Бу эса ўша йилларда олий таълим билан қамров даражаси анча паст бўлганини кўрсатади.
Энг катта бурилиш эса 2017 йилдан кейинги даврга тўғри келади. Олий таълим соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида янги давлат ва нодавлат олийгоҳлари ташкил этилди, хорижий университетлар филиаллари очилди, қабул квоталари бир неча баробар оширилди, сиртқи ва кечки таълим шакллари кенгайтирилди.
Натижада талабалар сони жуда қисқа вақт ичида кескин ўсди. Агар 2020/2021 ўқув йилида 571,5 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, беш йил ичида бу кўрсаткич қарийб уч баробарга ошиб, 1 миллион 535 минг нафарга етди.
Бу рақамлар мамлакатда инсон капиталига бўлган эътибор кучайиб бораётганини кўрсатади. Чунки иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, меҳнат бозорининг замонавий талабларга жавоб бериши ва инновацион ривожланиш, аввало, малакали кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.
Шу билан бирга, талабалар сонининг ортиши олий таълим тизими олдига янги вазифаларни ҳам қўймоқда. Энди асосий эътибор фақат қамровни оширишга эмас, балки таълим сифати, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, илмий тадқиқотлар, амалиёт билан интеграция ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга қаратилиши муҳим.
Демак, рақамлар нафақат олий таълим қамровининг кенгайганини, балки Ўзбекистонда билимли ва рақобатбардош авлодни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатининг янги босқичга кўтарилганини ҳам яққол намоён этмоқда. Бугунги вазифа эса ушбу миқдорий ўсишни сифат жиҳатидан ҳам мустаҳкамлашдан иборат.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА