3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги қарори билан 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни, деб эълон қилинган. Ушбу сана бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади ва бундан асосий мақсад ақлан ва жисмонан нуқсони бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунё миқёсида ногиронлар ҳаёт тарзини яхшилашга эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983-1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги этиб белгиланган эди.
Мазкур ўн йиллик якунида, 1992 йил 14 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида эътироф этилган. Шундан буён ҳар йили мазкур сана доирасида ногиронлар дуч келаётган муаммоларни чуқурроқ англаш, шундай масалаларни ҳал этиш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқини ҳимоялаш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар уюштирилади, моддий кўмак ажратилади.

Бу борада мамлакатимизда ҳам тизимли хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу тоифа инсонлар имконияти соғлиги билан боғлиқ муаммо сабаб чекланган. Шу боис ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга катта эътибор қаратилади.
Бугунги кунка келиб дунёда 1 миллиарддан ортиқ инсон, яъни ҳар етти кишидан бири ногиронликнинг муайян туридан азият чекади. Уларнинг 100 миллиондан ортиғи болалар. Умуман, ер юзида нуқсони бор фуқароларнинг 80 фоиздан кўпи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Демак, сафимиздаги имконияти чекланганларни ҳар томонлама тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш зарур.
– Ногиронлик инклюзияси инсон ҳуқуқини, барқарор ривожланиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Ушбу масалада 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартиби белгиланган. Ногиронлар ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳаракати нафақат адолат масаласи, балки жамият тараққиётига киритилган сармоядир, – дейилади БМТ сайтида берилган мақолада.

Маълумки, ногиронларнинг соғлиғини сақлаш, уларга таълим, иш бериш, жамиятда тўлақонли иштирок этиш имконини тақдим этиш осон эмас.
Шунга қарамасдан, сўнгги бир неча йил давомида ногирон болалар ва катталар имкониятини кенгайтириш бўйича ижобий тенденция кузатиляпти. Шу ўринда мамлакатимизда ҳам ногиронларга эътибор юқори эканини алоҳида таъкидлаш керак.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар бир киши таълим олиш ҳуқуқига эга ва давлат ўрта махсус таълимни бепул олиши мумкин. Ўрта мактабга кириш имконияти ногиронлиги бўлмаган кишилар учун 99,8 фоизни ташкил этса-да, ногиронлиги бор кишилар учун бу кўрсаткич 84 фоизга тенг.
Миллий миқёсда ногиронлиги бўлган кишиларнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2016 йилги Ўзбекистон Президенти сайловида эркинликка эришиш борасида муайян ўзгариш қайд этилган. Сайлов участкалари ўзаро зич биноларда ташкил қилинган, “брайл” алифбосида сайлов бюллетенлари тайёрланиб, ногиронлар ўз уйида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган.

2017 йил ногиронлар ва сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, сиёсий партияларга турли сайловларда ногирон номзодларни ҳам кўрсатиш мажбурияти юклатилди. Зеро, ногиронлиги бўлган кишиларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция доирасида мажбурият ҳисобланади.
Афсуски, айни йўналишда камчиликлар ҳам етарли. Масалан, сўнгги йилларда Карлар жамияти корхоналари даромади кескин камайиб бормоқда. 2018 йил тизимда 277 миллион сўм фойда олинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 62 миллион сўмга тушиб, деярли, 5 баравар камайган.
Умумий даромад ва табиийки, ойлик маош миқдори озайиши ортидан кўплаб ногирон ходимлар ишдан кетган. 2000 йил бу корхоналарда икки минг нафарга яқин кар-соқов киши ишлаган бўлса, 2020 йилга келиб 176 нафар ходим қолган.
Кўзи ожизлар жамияти тизимидаги корхоналарда 2000 йил 4 минг 900 одам фаолият кўрсатган, 2010 йил бу рақам 3 мингга тушган, 2020 йил рўйхатида эса ҳаммаси бўлиб 1 минг 479 нафар ходим қайд этилган.
Жамиятимизда фуқаролар дини, эътиқоди, соғлиғи, ижтимоий аҳволи ва жинсидан қатъий назар тенг ҳуқуқлидир. Саломатлигида муаммо ёки нуқсон бор кишилар, асосан, ногирон ёшлар меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож. Уларни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам конституцион ҳам инсонийлик бурчимиздир.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА