25 йил: пўлат излардаги оғир карвон
Шимолий кон бошқармасининг Учқудуқ майдонидаги темир йўллар... Бир қарашда чексиздек туюладиган пўлат излар “Довғистов” конидан 3-гидрометаллургия заводигача қарийб 160 километрга чўзилган. Шу йўлдан бир неча минг тонналик кон массасини ортган вагонлар карвонини маҳобатли тепловоз тортиб боради.
Кабинада эса 25 йиллик тажрибага эга тепловоз машинисти Аслиддин Қаҳҳоров. Юзида чарчоқ аломати сезилса-да, нигоҳлари тетик, ҳаракатлари ишончли. У бошқараётган оғир карвон ортида қанча-қанча инсонларнинг меҳнати, ризқи ва юрт бойлиги борлигини яхши англайди.
- Яшил!
- Яшил, кўрдим!
Бу икки сўз темир йўлдаги оддий мулоқотдек туюлиши мумкин. Аслида эса унинг замирида катта масъулият мужассам. Машинист ва унинг ёрдамчиси йўлдаги ҳар бир светофор сигналини овоз чиқариб такрорлаши шарт. Бу темир йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган муҳим қоидалардан.
1980 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган Аслиддиннинг темир йўлга меҳри болаликдан бошланган. У қишлоқдан ўтадиган поездларни томоша қилиб, ундан завқ олган. Поездларнинг вагонларини санаб улгурмас, уларнинг узун карвони кўздан ғойиб бўлгунча ортидан қараб қоларди.

Қишлоқ болалари темир йўл бўйида қўй боқиб юрганида ўтаётган поездларга қўл силкишар, поезд машинисти эса уларни хурсанд қилиш учун сигнал чаларди. Аслиддин эса поездларнинг қайси вақтда келишини, қайси вақтда қайтишини, ҳатто қайси машинист болаларни қувонтириш учун сигнални неча марта чалишини ҳам биларди.
Болаликдаги ана шу қизиқиш уни катта ҳаёт йўлига бошлади. 1998 йилда Темир йўл касб-ҳунар лицейига ўқишга кирди. Таълимни тамомлагач, 2001 йилдан Бухоро регионал темир йўл боғламаси “Тинчлик” локомотив депосида машинист ёрдамчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлади.
Кейинчалик фаолиятини “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасининг Учқудуқ майдонидаги локомотив депосида давом эттирди. Йиллар давомида тажриба орттирди, касб сирларини пухта эгаллади.
- Машинистлик шундай касбки, унда ёрлиқ билан иш ўрнингизни эгаллай олмайсиз, - дейди Аслиддин Қаҳҳоров. - Темир йўлда тепловоз бошқариш кучли ирода, юксак масъулият ва касбга садоқатни талаб қилади. Ўқишни тугатган номзод камида бир-икки йил машинист ёрдамчиси бўлиб ишлаши керак. Амалий тажриба орттириб, жараённи тўлиқ ўзлаштиргач, махсус имтиҳон топшириб, машинист гувоҳномасини олади.
Аслиддин ҳам бир неча йил машинист ёрдамчиси ва чилангар бўлиб ишлади. Бу тажриба кейинчалик унинг фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Чунки у бошқарадиган тепловозлар электр тармоқлари етиб бормаган чўл ҳудудларида ҳаракатланади. Унинг ихтиёрида қуввати бир неча минг от кучига тенг улкан дизель двигатели бор. Бундай техникани бошқариш учун темир йўлни билишнинг ўзи кифоя эмас. Локомотивнинг ҳар бир товуши, тебраниши ва ишлаш жараёнини ҳис қила билиш лозим.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармаси темир йўл транспорти бошқармасининг Учқудуқ ҳамда Ауминзо-Амантой майдонларида 18 та магистраль ва манёвр тепловози, 800 дан ортиқ вагон кон массаларини ташиш ишларига жалб этилган. Бу ерда умумий узунлиги 226 километр бўлган темир йўллар мавжуд. Йилига 132 миллион куб метр маъдан қазиб олинадиган ва 15 миллион 600 минг тонна маъдан қайта ишланадиган йирик ишлаб чиқариш тизимида темир йўл транспорти муҳим воситадир.
Бу касбда шахсий вақт ҳамиша ҳам режадагидек кечавермайди.
- Байрамлар, туғилган кунлар оила даврасида эмас, кўпинча йўлда ўтади. Графигимиз турлича: гоҳ кундузи, гоҳ кечаси ишлаймиз. Кабинадаги тебраниш, двигатель шовқини ва дизель ҳиди, албатта, чарчоқ беради. Лекин меҳнатимиз учун яратилган шароитлар бор. Маошимиз яхши, тиббий хизматдан фойдаланамиз, шунингдек, касбимиз хусусиятидан келиб чиқиб, имтиёзли нафақага чиқиш имкониятига эгамиз, - дейди Аслиддин.
Дарҳақиқат, тепловоз машинисти зиммасидаги масъулиятни оддий сўзлар билан ифодалаш қийин. У пўлат излар устида оғир карвонни бошқарар экан, ҳар бир ҳаракатни аниқ ҳисоб-китоб билан амалга оширади. Чунки кичик хатонинг ўзи нафақат унинг, балки юк ва одамлар хавфсизлигига ҳам дахл қилиши мумкин. Шунинг учун машинистлар белгиланган издан, белгиланган тартибдан оғишмайди. Йиллар давомида шаклланган интизом, тажриба ва масъулият уларнинг иш услубига айланган.
Аслиддин Қаҳҳоров учун эса темир йўл шунчаки касб эмас. Бу - болалик орзусидан бошланган ва 25 йилдан буён давом этаётган ҳаёт йўли. Эҳтимол, у йўлда яна бир гуруҳ болажонларни кўрар. Улар ҳам худди унинг болалигидагидек поездга ҳавас билан қўл кўтаришар. Шунда Аслиддин тепловоз сигналини бир-икки бор чалиб қўяр...
А.Бўриев, ЎзА мухбири