24 йиллик меҳнат самараси
Мамлакатимизда инсон қадри улуғланиб, мўътабар аёлларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани сабаб, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда.
Самарали меҳнати, катта амалий тажрибаси билан юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган хотин-қизлар қаторида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бўлим бошлиғи, майор Санобар Абдуразакова ҳам бор.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланди.
Вилоят божхона бошқармасида С.Абдуразакова иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди. Ушбу юксак мукофот Ўзбекистон Республикаси Президентининг божхона органларига билдирган ишончининг намунаси сифатида эътироф этилди.

– 24 йиллик меҳнат фаолиятим ҳукуматимиз томонидан давлат мукофотига лойиқ кўрилганидан жуда мамнун бўлдим, – дейди Санобар Абдуразакова. –Бу мукофот келгусида меҳнат фаолиятимда, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда, Ватанимиз иқтисодиётини ривожлантиришда катта куч-қувват беради.
Шуҳрат Суяров, ЎзА