2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил қилишга муддатсиз мораторий жорий қилинади (бундан хизмат кўрсатиш ёки молиявий хизматларга ихтисослашган зоналар мустасно).
Иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ва энергия самарадор ускуналар ўрнатиш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилади:
а) 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг экологик менежмент, иссиқхона газларини бошқариш, экологик хавфсизлик ва яшил энергия халқаро сертификатларини олиб, маҳсулотининг 30 фоизини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарган корхоналарнинг сертификатни олиш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жағармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
б) 2026 йил 1 майгача Тошкент шаҳри ҳамда унга туташ ҳудудларда жойлашган иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш корхоналарида устувор (турғун) манбалар бўйича мажбурий тартибда автоматик мониторинг станциялари ва автоматик кузатув постлари ўрнатилади ҳамда ушбу қурилмалардан олинадиган маълумотлар Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинади;
в) атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналар томонидан ўрнатилган автоматик мониторинг станциялари Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлиги ва чиқиндиларни жойлаштирганлиги учун компенсация тўловлари ўн бараварга оширилган ҳолда қўлланади;
г) 2026 йил 1 июлдан бошлаб иссиқхоналарни иссиқлик билан таъминлашда иссиқхоналардаги мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ҳамда ёниш жараёни назорат қилинмайдиган қозонлардан фойдаланиш амалиёти бекор қилинади.
Экология қўмитаси:
а) чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлигини махсус лаборатория синовлари асосида доимий равишда мониторинг қилиб боради;
б) мониторинг натижаларига кўра ижобий хулоса берилган чанг-газ тозалаш ускуналари реестрини шакллантиради ва ўзининг расмий саҳифасида эълон қилади.
2026 йил 1 июндан бошлаб:
а) қурилиш объектларида (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) қуйидаги экологик талабларни жорий қилиш мажбуриятлари киритилади:
қурилиш объектларини фон мониторинг станциялари билан жиҳозлаш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш;
онлайн назорат қилиш учун қурилиш майдони бўйлаб ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш;
ҳуқуқбузарлик содир этган қурилиш ташкилотларининг "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидаги рейтинг балларини камайтириш амалиётини жорий қилиш;
б) қурилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда мажбурий равишда экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш тартиби жорий қилинади;
в) янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 метр квадратдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 30 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди.
2026 йил 1декабрга қадар бир ҳудудда камида 1 гектар майдонда дарахт баргларини йиғиш, уларни биологик усулда чиритиш (компостлаш) орқали олинган органик моддалардан компост сифатида ва мулчалашда фойдаланиш тизими жорий этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2027 йил 1 майга қадар хорижий компания ва илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган экологик ва сув ресурсларини бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш бўйича мастер режаси ишлаб чиқилади.
ЎзА