2026-2030 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги дастури тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2026-2030 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитининг давлат мониторинги дастурини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026-2030 йиллар учун Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги дастури тасдиқланди.
Қарорда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари мазкур қарор ҳамда Дастурда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаши белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси:
вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг тасдиқланган Дастурда назарда тутилган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти мувофиқлаштирилишини;
атроф табиий муҳит ҳолати тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилиши ва чуқур таҳлил қилинишини, шунингдек, ҳар йили атроф табиий муҳит ҳолати тўғрисида бюллетень ва ҳар уч йилда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги миллий маъруза нашр этилишини;
атроф табиий муҳитнинг давлат мониторингини амалга ошириш вазифаси юкланган республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда атроф-муҳит мониторингини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик ривожланишини;
ҳар йили Дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумот аҳолига етказилишини ва жамоатчилик эшитувлари ўтказилишини;
Дастур тадбирлари ижроси ҳақида ярим йиллик ва йил якунлари бўйича умумлаштирилган ҳисобот Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилишини таъминлаш белгиланган.
Атроф табиий мухитнинг давлат мониторингини амалга ошириш вазифаси юкланган республика ижро этувчи ҳокимият органлари атроф табиий муҳит давлат мониторинги натижаларини автоматик узатиш учун 2026 йил 1 июлга қадар идоравий электрон ахборот маълумотлар базаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш ишлари ниҳоясига етказилади.
ЎзА