2025 йилда бюджет даромадлари 2024 йилга нисбатан 116,6 фоизга бажарилган
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилмоқда.
Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилмоқда.
Таъкидланганидек, жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар кучайиб, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар чуқурлашаётганига қарамай мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишга эришилмоқда. Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ҳажми 2024 йилга нисбатан 7,7 фоиз, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлган хизматлар соҳаси 14,7 фоиз ва қурилиш соҳаси 14,2 фоиз ҳамда саноат соҳаси 6,8 фоизга ўсди.
Шунингдек, йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга тенг бўлди. Иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар натижасида 2025 йилда жами 591,1 триллион сўмлик асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга ошди.
Давлат бюджети даромадлари 2024 йилга нисбатан 116,6 фоизга, Давлат бюджети харажатлари эса 99,3 фоизга бажарилган. Давлат бюджети маблағларининг 47,0 фоизи ёки 180,4 триллион сўми ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштиришга сарфланиб, ушбу харажатларнинг 86,5 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган. Сайхунобод тажрибаси асосида 400 дан ортиқ микролойиҳа амалга оширилди.
Шунингдек, вазир ҳисобот даврида иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ўз вақтида тўлаб берилгани ҳамда инфляциядан кам бўлмаган миқдорда оширилганини қайд этди.
М.Комилова,
ЎзА