132 та қурилиш ташкилотида истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи шартлар мавжудлиги аниқланди
Рақобат қўмитасига 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида қурилиш ишларининг сифати ва объектларнинг ўз вақтида топширилмаётгани юзасидан истеъмолчилардан 1 700дан ортиқ шикоятлар келиб тушган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 миллиард сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Мазкур мурожаатлар асосида турар жой қурилишида улушли иштирок этиш бўйича 132 та қурувчи ташкилотнинг шартномалари таҳлил қилинди.
Шартномалар таҳлилларида 30,3 фоиз шартнома давлат тилида эмас, рус тилида тузилгани, 49,2 фоиз шартномада истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи бошқа камчиликлар борлиги аниқланди.
Шунингдек, таҳлиллар давомида шартномаларда истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда тўланган маблағнинг 4–15 фоизини ушлаб қолиш, пулни хонадон қайта сотилгандан кейингина қайтариш, нархни бир томонлама ошириш ва харидорга нисбатан юқори пеня белгилаш каби истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар маълум бўлди.
Қўмита ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли Инстанцияларга таклифлар киритди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА