“1000KITOB” лойиҳаси: ёшлар учун янги хорижий асарлар таржима қилинади
Ёшлар ишлари агентлигининг “1000KITOB” лойиҳаси ҳамда Ёшлар парламенти ҳамкорлигида ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган амалий учрашув бўлиб ўтди.
Экспертлар, олимлар, таржимонлар ва санъат соҳаси вакиллари иштирок этган учрашувда асосан қуйидаги муҳим масалаларга эътибор қаратилди.
Жумладан, лойиҳанинг навбатдаги босқичи учун тавсия этилган 100 дан ортиқ хорижий китоблар рўйхати кўриб чиқилди. Улар орасидан ёшлар учун энг долзарб, бадиий ва илмий аҳамиятга эга бўлган дастлабки 10 та асар чуқур таҳлил қилинди.

Шунингдек, жаҳон бадиий адабиёти билан бир қаторда, кино санъати ва бошқа йўналишлардаги асарларни ҳам таржима қилиш бўйича янги таклифлар ўртага ташланди.
Муҳокамалар якунига кўра, ёшларимизнинг интеллектуал эҳтиёжларига мос келувчи, халқаро миқёсда эътироф этилган асарлар бўйича муаллифлик ҳуқуқларини қўлга киритиш ҳамда китобларни саралаш мезонларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
Г.Бобоева, ЎзА