“Ўзбек ўз оғам, қозоқ кўз оғам!”
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга чиқди.
Қардошлар адабиёти
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга чиқди.
Зеро, дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида сўз санъати – адабиётнинг ўрни беқиёс. Улуғларимиздан “Ўзбек ўз оғам, қозоқ кўз оғам” деган иборани кўп бора эшитганмиз. Бу тарихий эътироф исботини Ойбек ва Мухтор Авезов, Чўлпон ва Мағжан Жумабой, Собит Муқонов ва Ғафур Ғулом, Миртемир ва Абдулла Тожибоев, Носир Фозилов ва Қаловбек Турсунқулов, Абдулла Ориф ва Ўлжас Сулаймон, қолаверса, Исроил Сапарбоев, Мархабат Байғут, Қулбек Эргўбек, Хонбиби Есенқораева, Ерсин Қўйбоқаров, Сабит Дусанов, Отаули, Муҳаммад Хайруллаев, Меҳмонқул Исломқул, Мирпўлат Мирзо, Музаффар Аҳмад, Есенғали Равшан, Гулдарё Аширбаева ва бошқа қатор ижодкорлар ҳамкорлиги мисолида ҳам кўрамиз ва фахрланамиз.
Яқин ўтмишда қозоқ адабиёти вакиллари томонидан яратилган асарлар ўзбек тилига ва ўзбек ижодкорларининг асарлари қозоқ тилига таржима қилиниб, ҳар иккала халқ ўқувчилари улардан ўз вақтида баҳраманд бўлиб келган.

Чимкент шаҳридаги "Ўтрор" кутубхонасида ўтказилган "Мартабали шеърият минбари" деб номланган адабий тадбир ҳам ана шу дўстона ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Таниқли шоир, маҳоратли журналист, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдаулетнинг “Қарағай” деб номланган шеърий тўплами бир гуруҳ чимкентлик ўзбек ижодкорлари томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, Ўзбекистонда чоп этилди. “Қарағай”нинг кенг китобхонларга тақдимоти муносабати билан уюштирилган тадбир чинакам адабиёт байрамига айланиб кетди.
Улуғбек Есдаулет шеърияти, унинг бетакрор жозибаси ўзбек шеърияти ихлосмандларини ҳам бефарқ қолдирмайди. Адабиёт, аввало, инсоннинг ички туйғуларини, эзгу аъмоллари ва орзу-армонларини ифода этади. Улуғбек Есдаулет шеърларини ўқир экансиз, бевосита қозоқ халқининг жўмард қалбини тинглайсиз, бепоён дашту далаларда ризқини териб юрган бовурларимизнинг қувончу ташвишларига шерик бўласиз.

У.Есдаулетнинг ушбу тўпламдан жой олган шеърларини қозоғистонлик бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари таржима қилишида ҳам ўзгача моҳият мужассам. Уларнинг бир муҳитда яшаб, ижод қилиб келаётганлари, шоирнинг ўй ва кечинмаларини нозик ҳис эта билганлари таржимада ўз аксини топган.
Чимкент шаҳар хокими Е.Айтаханов Қозоғистон давлат мукофоти совриндори У.Есдаулет шеърларининг ўзбек тилига таржима қилинишида ҳам тарихий уйғунлик борлигини, бу ўзбек-қозоқ адабиёти дўстлигининг мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Улуғбек Есдаулет ижодидан янги намуналар ўқиб берди.
Тошкент– Чимкент– Тошкент.