"Ўрган, пул тўпла, ишлаб топ"
Таъкидлаш керакки,"Global Money Week" (GMW) ҳафталиги бир вақтнинг ўзида дунёнинг 175 давлатида бўлиб ўтади.
Тошкентда жорий йилнинг 23-29 март кунлари илк бор ана шундай шиор остида мамлакат аҳолисининг молиявий саводхонлигини оширишга бағишланган "Global Money Week" халқаро ҳафталиги ўтказилади. У ёшларни молия, инвестициялар ва тадбиркорликка жалб қилишга ёрдам беради.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркидан олинган маълумотларга кўра, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларни хусусий маблағ тўплаш ва ундан самарали фойдаланиш учун зарур бўлган молиявий кўникмаларга ўргатишдир. Бу кўникмалар йигит-қизларнинг иш ҳақи, пул тўплаш ва маблағларни сарфлаш ўртасидаги фарқни тушунишларига ёрдам беради, ўз шахсий маблағи ва оила бюджетидан янада оқилона фойдаланишлари ҳамда режалаштириш имконини беради.
Таъкидлаш керакки,"Global Money Week" (GMW) ҳафталиги бир вақтнинг ўзида дунёнинг 175 давлатида бўлиб ўтади. Ўзбекистон бу глобал акцияда илк бор иштирок этаяпти. Молиявий саводхонлик ҳафталиги доирасида миллий ташкилотлар, молия муассасалари, банклар, нодавлат ва ёшлар ташкилотлари, маҳаллий корхоналар, университет ва мактаблар биргаликда "Learm.Save.Earn" ("Ўрган, пул тўпла, ишлаб топ") умумий шиори остида тадбирлар ташкил этадилар. Мазкур ҳафталик иштирокчилари банк, фонд биржалари, маҳаллий корхоналар ва халқаро корпорациялар офисларига ташриф буюришлари мумкин. Улар учун молиявий саводхонликка бағишланган семинар, сессия ва ярмаркалар ташкил этилади. Шунингдек, молия-таълим йўналишида турли ўйинлар ва мусобақалар бўлиб ўтади.
Халқаро молиявий саводхонлик ҳафталигида IT Park ҳам иштирок этади. Мамлакатимиздаги биринчи дастурий маҳсулотлар парки "Digital Finanse" мавзусини ёритиб беради. Ташкилотчиларнинг режасига кўра, бу йўналишда Президент мактаблари ўқувчилари ўртасида "Digital Finanse" соҳасида ғояларни яратиш бўйича идеатон ва "Ўзбекистонда "Digital Finanse"ни ривожлантириш" мунозаралар панели ташкил этилади. Шунингдек, талабаларнинг мазкур соҳа вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади.