
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш масаласини муҳокама қилди.
Асосий эътибор мурожаатлар билан ишлаш борасидаги камчиликларга қаратилди. Хусусан, Оққўрғон, Тошкент ва Чиноз туманларида ўтказилган сайёр қабулларда аҳоли вакиллари томонидан қилинган мурожаатларнинг айримлари муддатлари ўтган бўлишига қарамай ҳануз ҳал этилмаган. Бу масалага беписанд ва лоқайд муносабатда бўлаётган раҳбарлар фаолияти кескин танқид қилинди.
Масалан, жорий йилнинг 17 август куни Тошкент туманида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан 138 та мурожаат орқали 169 та масала қабул қилинган. Шу кунгача мазкур мурожаатдаги 169 та масаланинг 157 таси кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг атиги 21 таси ижобий ҳал этилган. Шу билан бирга, 14 сентябр куни Оққўрғон туманида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан 190 та мурожаат, 228 та масала қабул қилинган. Ҳозирги кунда 125 та масала кўриб чиқиш жараёнида.
Йиғилишда аҳоли мурожаатларини тизимли ҳал этиш, жойига чиқиб ўрганиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА.