English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий саноат корхоналари Тошкент вилояти иқтисодиёти таянчига айланади
22:19 / 2024-10-14

Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни бунёдкорлик ишлари, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида Тошкент вилоятининг қатор туманларида бўлди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент туманига ташриф буюрди.

Илгари бу ернинг маркази йўқ эди. Келес йўли кўчаси бўйлаб янги бино ва мажмуалар қад кўтаргач, ҳудуднинг қиёфаси тамоман ўзгарди. Хусусан, ушбу бош кўча кенгайтирилган ҳолда қайта қурилди. Унинг икки тарафида Давлат хизматлари маркази, Ёшлар маркази, маданият саройи, амфитеатр, универсал спорт мажмуаси, хотира майдони ва сайилгоҳ каби кўркам иншоотлар барпо этилди. 

Эски, пастқам уйлар ўрнида 41 та кўп қаватли турар жой қурилди. Энди улардаги 2 минг 536 та хонадонда 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу уйларнинг ертўла ва биринчи қаватида савдо, умумий овқатланиш, маиший ва молиявий хизматлар бўйича 270 та шохобча ташкил қилинмоқда. Уларда 1 минг 350 киши, жумладан, шу ерлик ёшлар ва аёллар ишли бўлади. 

Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Реновация лойиҳасида ижтимоий инфратузилмага катта эътибор қаратилди. Марказий шифохона, туманлараро перинатал марказ, болалар боғчаси, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман тарихи музейи ишга туширилди. Ўзгаришлар фақатгина туман марказида эмас. Ҳудудда яқин-яқингача ичимлик суви муаммо эди. Осиё тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 4 та ҳавза қурилиб, 365 километр қувур тортилди. Натижада 36 та маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Охирги уч йилда туманда 218 километр ички йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Бундай ишлар яна давом этмоқда.

Шу ерда Тошкент туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш масалалари юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди. Жорий йилнинг 6 ойида туман иқтисодиёти 23 фоиз ўсган. Янги қурилишлар ва улардаги корхоналар негизида солиқ манбаси кўпайган. Тошкент туманида 70 та маҳалла, 62 мингта оила бор. Аҳволи оғир бўлган 372 та оилага кўмаклашиш учун масъуллар бириктирилиб чоралар белгиланган.

Режадаги лойиҳалар, бандлик ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Президент хонадонлардаги имкониятларни юзага чиқариш, тадбиркорларнинг камбағал оила вакилларини ишга олишини рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.

– Тошкент тумани пойтахтимизнинг ёнгинасида. Бу ерда уй-жой, ишлаб чиқариш, тижорат, хизмат бўйича жуда катта имкониятлар бор. Иш тўғри ташкил қилинса, ўзи бу туманда камбағалчилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иқтисодий комплексга, маҳаллаларга бераётган имкониятлардан фойдаланиб, камбағалликдан фаровонлик сари юриш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент туманида йил якуни билан қарийб 53 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноатда ўсиш суръати 9 фоиз, хизмат кўрсатишда 13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Экспорт ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Зангиота туманидаги “Technologies of real time” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасига борди. 

Автомобилсозлик мамлакатимиз саноатида йирик тармоқ. Сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш қарийб 3 баробар кўпайиб, жорий йил якунида 460 минг донага етиши кутилмоқда. 2030 йилгача бу кўрсаткични 1 миллионтага етказиш режалаштирилган.

Соҳада монополияни йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 2 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди. Умуман, бугун 20 дан зиёд заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари ишлаб чиқарилмоқда.

Шу боис тармоқда эҳтиёт қисмларга ҳам талаб кўп. Бу борада 300 дан зиёд корхона яхлит кооперацияга боғланган. Зангиотадаги “Technologies of real time” шулардан бири. 

Президент 2019 йилда “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган халқаро саноат ярмаркасида мазкур корхона маҳсулотлари билан танишиб, зарур кўрсатмалар берган эди. Шу асосида модернизация ишлари амалга оширилди. Корхонадаги 12 та цехга Хитой, Россия, Корея Республикаси, Япония ва АҚШдан келтирилган ускуналар ўрнатилди. Бугунги кунда 118 хил русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

– Кўп деталлар маҳаллийлаштирилгани ҳозирча маъқул. Мутахассислар зўр бўлса, сифат ҳам, экспорт ҳам ошади, – деди Президент.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга корхонада эҳтиёт қисмлар қаторини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.

Бу ерда 220 та иш ўрни яратилган. Ходимлар корхонада йўлга қўйилган мономарказда ўқитилиб, ишга қабул қилинади. Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, “Uzauto Motors"нинг Хоразм вилоятидаги заводига “Damas” ва “Labo” автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. 

Товарларни техник текширув ва синовлардан ўтказиш учун замонавий лаборатория ташкил этилган. Корхона маҳсулотлари IATF 16949:2016, ISO 9001:2015, ISO 45001:2020 ҳамда “General Motors”нинг BIQ халқаро сифат сертификатларига эга. 

Шу боис уларга хорижда ҳам талаб бор. Хусусан, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирликларига 3 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.

Шунингдек, корхона Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Россияда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Шу ерда келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. 

Хусусан, 2025 йилда 1,15 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely, Dongfeng каби янги автомобиль брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Лойиҳа самарасида 43 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қувватлари 180 мингдан, 280 минг донага етказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасида бўлиб, қатор корхоналар фаолияти билан танишди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бу каби мажмуаларнинг аҳамияти катта. Мазкур саноат зонаси тўрт йил олдин ўттиз олти гектар майдонда ташкил этилган эди. Муҳандислик инфратузилмаси, ички йўллар ва бинолар қурилиб, ишлаб чиқариш учун қулай шароит яратилди.

Бу ерга қурилиш материаллари, енгил саноат, озиқ-овқат тармоқларида ўн бешта лойиҳа жойлаштирилган. Шундан ўнтаси ишга туширилган. Уларда ўтган йили 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Жорий йил якунлари бўйича бу рақамни қарийб икки бараварга кўпайтириш мақсад қилинган. Ҳозирча бу корхоналарда 1 минг 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушса, бандлик яна ортади.

“Enter Steel” корхонасида металл конструкциялар, юқори босимга чидамли резервуарлар, юк кўтарувчи кранлар, бурғулаш ускуналари, пайвандлаш электродлари, металл эшик, электр қутилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 40 миллион доллар бўлиб, унга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Бу ерга Хитой, Япония, Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландия каби давлатлардан ускуналар келтирилган. Бу эса маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилмоқда.

Корхонада жами 1 минг 500 кишини иш билан таъминлаш имкони бор. Зарур мутахассисларни тайёрлаш учун “Амалий мономарказ” ташкил этилган. Ўқув хоналари ва лабораториялар замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Таълим дастури эса Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёнини кўздан кечирди, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Мутасаддиларга корхона маҳсулотлари зарур бўлган тармоқлар билан кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Тинчлик” кичик саноат зонаси Тошкент вилояти иқтисодиётида ўзига хос ўринга эга. Бу ердаги корхоналарда маҳаллийлаштирилган, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши билан энергия манбаларига талаб кўпаймоқда. Масалан, сўнгги тўрт йилда Тошкент вилоятида электр истеъмоли 20 фоиз ошган. Бу борадаги танқисликни қоплаш мақсадида умумий қиймати 1,5 миллиард доллар, қуввати 805 мегаваттдан ортиқ бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бунда “яшил” энергетика манбаларига кенг ўрин берилган. “Тинчлик” кичик саноат зонасидаги “Enter Green Solar” корхонасида бунинг учун зарур қуёш панеллари ҳамда турли хил кабеллар ишлаб чиқарилади.

Давлатимиз раҳбари саноат зонасига ташрифи чоғида мазкур лойиҳа билан ҳам танишди.

– Бундай юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқараётган маҳаллий корхоналаримизни қўллаб-қувватлаб, фаолиятини кенгайтиришига янада кўпроқ шароит яратишимиз керак– деди Шавкат Мирзиёев.

Умумий қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур корхонага Италиянинг “Ecoprogetti” компанияси ускуналари ўрнатилган. Улар асосида йилига 377 минг дона юқори сифатли қуёш панели ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўзида ҳам қуввати 125 киловатт бўлган панеллар ўрнатилган. Бу ерда 100 киши меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Янгийўл туманидаги “Mesal Water Technologies” корхонасини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий дастурларда ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала тез ривожланаётган Тошкент вилояти шаҳарлари учун ҳам долзарб.

Хусусан, “Тошкент вилояти ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳасининг 3-босқичи доирасида Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен ва Бекободдаги иншоотлар реконструкция қилинмоқда.

“Mesal Water Technologies” корхонасида шу каби сув тозалаш иншоотлари учун ўттиздан ортиқ махсус қурилма ва ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.

Лойиҳага 1,7 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, Хитой, Германия ва Туркиядан келтирилган энергия тежамкор технологиялар ўрнатилган. Корхона халқаро сертификатларга эга. 50 киши иш билан таъминланган.

Бундай корхоналар фаолиятининг кенгайиши аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига ҳисса қўшиши таъкидланди.

Тошкент вилояти пойтахтга яқинлиги, юртимиз воҳалари ва халқаро йўлларни бир-бирига боғлаши билан улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Кейинги етти йилда ҳудудда қарийб 9,4 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 143 мингдан ортиқ иш ўрни ва 5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.

Бу суръатни давом эттириб, 2024-2026 йиллар учун жами 26 миллиард долларлик 125 та лойиҳа режалаштирилган. Уларнинг 21 таси стратегик, 52 таси тармоқ, 52 таси ҳудуд лойиҳаларидир. Бу ташаббуслар натижасида 42 мингта иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбарига умумий қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 11 лойиҳа тақдимот қилинди.

Уларга Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари ва маҳаллий тадбиркорлар инвестиция киритмоқда. Тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, энергетика, қурилиш материаллари, геология, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқлардаги бу лойиҳаларда 23 мингта иш ўрни яратилади.

Масалан, Зангиота туманида Жанубий Корея инвесторлари билан биргаликда жигар, бўғим, кўз ва мия фаолиятини даволашда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқариш ташкил этилади. У ерда 200 кишининг бандлиги таъминланади.

Президентимиз инвесторлар учун барча шароитларни яратиш, лойиҳаларнинг ҳар бир босқичини назорат қилиб, масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Сўнг Янгийўл туманида Тошкент вилоятидаги муҳим лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳудуд ва азим пойтахтимиз салоҳияти ўзаро боғлиқ ҳамда бир-бирини тўлдириб келади.

Кейинги беш йилда Тошкент вилоятида саноат ҳажми 1,5 баробарга кўпайиб, 107 триллион сўмни ташкил этган, маҳаллий экспорт ҳажми 3,5 карра ошиб, қарийб 1 миллиард долларга етган.

Қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити сармоялар ҳажмини ошириш, илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда. 2018 йилда вилоятда жами бўлиб 20 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам 1 миллиард долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони ҳам йил сайин ортиб, ҳозирда 1 минг 700 тани ташкил этмоқда.

Бугунги кунда 20 миллиард 360 миллион долларлик 91 та хорижий, 4 ярим миллиард долларлик 28 та маҳаллий инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев маросим доирасидаги лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда “Буюк ипак йўли” махсус саноат технопарки қурилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.

Юқори Чирчиқ туманида 350 миллион доллар эвазига 69 гектар майдонда тўқимачилик саноат парки ташкил этилади. Бу мажмуада 20 дан ортиқ ип-калава, мато тўқиш ва бўяш, тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш изчил кўпайиб бормоқда. 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспортини 5 баробар ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда, ҳеч шубҳасиз, Тошкент вилоятининг ҳиссаси катта.

Жумладан, Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилмоқда.

Тошкент вилояти энергетика соҳаси ҳам катта салоҳиятга эга бўлиб, бу ерда 5,7 гигаваттли қувватлар мавжуд. Бу миқдорни ошириш мақсадида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Яшил энергетикани ривожлантириш билан бирга, юртимизда энергетика тизими барқарорлигини сақлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Шунинг учун 2030 йилгача умумий қуввати 4 минг 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизимларини барпо этиш режалаштирилган.

Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида барпо этиладиган 3 та лойиҳа бунда муҳим ўрин тутади. Аввало, “China Datang” компанияси билан Бўка туманида қиймати 240 миллион долларлик қуёш электр станцияси барпо этилади. Бу станцияда йилига 576 миллион киловатт соат ёки 240 минг хонадон учун етарли электр энергияси олинади. Натижада вилоятда генерация қувватлари 6,5 гигаваттга, электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 24 миллиард киловатт соатга етказилади.

Яна иккита лойиҳа – “China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимларидир. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.

Сўнгги йилларда юртимизда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобидан 400 мегаваттдан ортиқ янги гидроэлектр станциялари барпо этилиб, уларнинг қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки юртимизда 3 минг 280 мегаватт қувватга эга бўлган 44 та ГЭС қуриш имконияти мавжуд. Айниқса, Тошкент вилоятида гидроэнергетика бўйича жуда катта салоҳият бор.

Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир.

Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.

Маросимда шундан иккитаси – Оҳангарон туманида барпо этилган 2,5 мегаваттли кичик ГЭС ҳамда Бўстонлиқ туманида қурилган 1,5 мегаваттли Угам кичик ГЭСи ишга туширилмоқда. Мазкур қувватлар йилига 18 миллион 400 минг киловатт соат “яшил” энергия ишлаб чиқаради ва 7 минг 600 та хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев юртимизга инвестиция киритаётган хорижий компанияларга миннатдорлик билдириб, ишларига муваффақият тилади.

Рамзий тугма босилиб, мазкур 9 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт берилди. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард доллардир.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари