English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксак ҳуқуқий онг, маданият, фаоллик – давр талаби
16:36 / 2022-11-20

Бугун жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқ ва бурчларини ҳамда масъулиятини пухта билиши, буни ҳаётий эҳтиёж сифатида англамоғи лозим. Фуқароларнинг дунёқараши, тафаккури мамлакат ҳаётига, янгиланишларга мос равишда ўзгариб бориши ҳуқуқий маданият тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Янгиер шаҳар адлия бўлими ташаббуси билан “Темур Малик” маҳалласида ташкил этилган “Ҳуқуқий ахборот куни” тадбири аҳолининг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор этиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирни Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров кириш сўзи билан очиб, юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, қонунларга итоаткорлик, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик, ҳуқуқий фаоллик шиддаткор давр талаби эканлигини таъкидлади.  

Дарҳақиқат, халқ билан мулоқот муаммоларни ойдинлаштиришга хизмат қилади. Тадбир жараёнида адлия, давлат хизматлари маркази, тиббиёт бирлашмаси, оила ва хотин-қизлар, бандлик, пенсия бўлимлари томонидан ҳуқуқий ахборот бурчаклари ташкил этилиб, аҳолининг муаммолари ўрганилди, тегишли маслаҳат ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Фуқаро Зайнаб Тўрақулова 2- гуруҳ ногирони бўлган фарзанди Али Тўрақуловнинг саломатлигини тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Муборак Қосимова уй-жойга муҳтож эканлигини маълум қилди. Ушбу мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилиши таъкидланди. Шу куни 100 га яқин фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, коммунал тўлов, уй-жой, моддий ёрдам, кредит олиш каби масалаларда келиб тушган мурожаатларга адлия бўлими томонидан зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

"Ҳуқуқий ахборот куни”да аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 10 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилиниб, иш билан таъминлаш чоралари кўриладиган бўлди. Шунингдек, шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан 20 дан зиёд хотин-қизларнинг саломатлиги назоратдан ўтказилиб, тиббий маслаҳатлар берилди, – дейди Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи Лазизжон Ҳудойқулов.

Тадбир давомида ажрим ёқасидаги оилалар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилгач, 2 та оила шу ернинг ўзида яраштирилди. Давлат хизматлари маркази томонидан аҳолига 7 турдаги 35 та сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди, 20 га яқин фуқаролар “Мобил ИД” тизимига уланди. Янгиер шаҳрида ташкил этилган “Ҳуқуқий ахборот куни” ана шундай самарали бўлди. Бу каби тарғибот тадбирлари ҳудуд бўйлаб давом этмоқда.

Ш. Суяров,

Ш.Ортиқбоев,(сурат), ЎзА.