English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш ижодкорларнинг “Нигоҳ” семинари бошланди
13:45 / 2023-09-07

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоятидаги “Паркент” ижод уйида ёш ижодкорларнинг “Нигоҳ” ижодий семинари бошланди.

Кино ва театр санъати драматургияси бўйича илк бор ўтказилаётган ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.  

– Биринчи марта ўтказилаётган ушбу ижодий семинарни келгусида янада кенгайтириш кўзда тутилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, ёзувчи ва драматург, сценарийнавис Ғафур Эшмуродов. – Бадиий ижод соҳаси вакилларининг ҳамкорлигини кучайтириш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш муҳимдир.  

–Бугун ижод аҳлига катта эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид. – Ушбу семинар янги-янги бадиий асарларга туртки беришига ишонамиз.  

–Ёшлар учун ижодий семинарлар кўп, – деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. – Бу лойиҳада қатнашиш учун ижодий салоҳияти юқори бўлган ижодкорлар саралаб олинди. Иштирокчиларнинг бари ўз ижод маҳсули билан келди. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик ўзининг натижасини беради.  

Сир эмаски, бугунги кунда адабиёт, кино ва театр драматургияси соҳасида ижод қилаётган ёшларнинг ҳамкорлигини кучайтириш долзарб аҳамият касб этади. Бу эса бадиий баркамол, ҳар жиҳатдан етук фильмлар, сериаллар, саҳна асарлари яратишда, ижодкорлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда асосий омил саналади.  

Мазкур семинарда театр ва кино соҳасида фаол ижод қилиб келаётган драматург, режиссёр ва рассомлар, сценарийнавислар, операторлар муайян мавзу асосида конкрет сценарий ёки саҳна асари устида ўзаро фикр алмашадилар. Ҳамкорликда ишлашнинг янги истиқболларини белгилаб оладилар.  

Шу билан бирга, семинар давомида ёшларнинг киносценарий ва саҳна асарлари тажрибали ижодкорлар томонидан пухта ўрганилиб, таҳлил этилади, муаллифларга керакли маслаҳатлар берилади. Энг яхши асарлар келгусида кино ва спектакллар учун саралаб олинади. Уларнинг муаллифлари рағбатлантирилади.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири