
Андижон шаҳри Гумбаз маҳалласи Янги деҳқон кўчасида яшовчи Мунаввархон Ваҳобова ўтган йилнинг июль ойида “Вақф” фонди Андижон вилояти бўлимига мурожаат қилиб, даволаниши учун ёрдам сўраган, фонд томонидан сўралган ҳужжатларни тақдим этган.
Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб, бу аёл фонднинг вилоят бўлимига ёрдам пули қачон берилишини сўраб яна келди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти филиали раҳбари вазифасини бажарувчи Эргашбой Мамадалиев ҳужжатларни кўтарди. Маълум бўлишича, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бу аёлга даволаниш учун 2022 йилнинг 12 декабрида 1 миллион сўм маблағ Халқ банкининг Андижон филиали ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
– Ёлғиз аёлман, фарзандсизлик учун ажрашганман, иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Мунаввархон Ваҳобова. – Ота-онам ўтиб кетган, ўз уй-жойим йўқлиги учун вақтинча опамнинг уйида яшаб келаман. Кейинги йилларда бир кўзим умуман кўрмайдиган бўлиб қолган. Шифокорлар иккинчи кўзимни доимий даволаб туришим кераклигини айтган. Шароитим оғирлиги учун ўтган йили ёрдам сўраб, “Вақф” фондига учраган эдим. Ҳужжатларимни олиб қолишди. Халқ банкидан пластик карта ҳам берилди. Картага пул тушириб берамиз, дейишди. Орада банкка келиб суриштирдим, менга ёрдам пуллари навбат билан тушириб берилади. Пул тушганда сизга СМС боради, дейишди. Орадан саккиз ой ўтиб, даволаниш вақтим ўтиб кетаётганлиги боис, ёрдам пули қачон берилиши мумкинлигини билиш учун “Вақф” фондига бордим.
Маълум бўлишича, мен учун ажратилган пул ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказиб берилган экан. Фонд вакили мени банкка боришимни айтди. Банкка келдим, фонддан пул тушириб берилган экан. Менга қачон ўтказиб берилади, деб сўрадим. Банк ходимлари пулни тез кунларда тушириб беришадиган бўлди. Бугун, яъни 25 май куни пластик картамга ёрдам пули тушириб берилди, банк ходими айтганидай пул тушганлиги ҳақида телефонимга СМС ҳам келди.
Шу ўринда Халқ банки мутасаддиларига ҳақли савол туғилади. Нима учун ногирон инсонга ўтган йилнинг декабрь ойида “Вақф” фондидан ўтказиб берилган пул эгасига ўз вақтида етказиб берилмади?

Агар фуқаро “Вақф” фондига келиб ёрдам пулини ололмаётганлигини суриштирмаганида эҳтимол, ушбу пул ҳали ҳамон ўтказиб берилмаслиги ҳам мумкин эди. Балки бундай ҳолат биргина бу аёл билан боғлиқ эмасдир, деган фикр билан фонд вакили билан “Вақф” фонди томонидан ўтган йили ёрдам пули берилган фуқаролар рўйхатини кўтариб, уларга қўнғироқ қилдик, телефон орқали суҳбатлашдик.
– Хавфли ўсма касаллиги билан оғрийман, иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Жалақудуқ тумани Ғозичеки маҳалласида яшовчи Дилшодбек Юлдашев. – Бир неча марта операция бўлдим, озгина бўлсада ёрдам бўлар деган мақсадда “Вақф” фондидан кўмак сўраган эдим. Лекин ҳалигача ёрдам олмадим. Аслида “Вақф” фонди ёрдамидан умидимни узиб бўлганман.
“Вақф” фонди томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу фуқарога 2022 йилнинг декабрь ойида Халқ банки ҳисобига 1 миллион сўм ёрдам пули ўтказиб берилган.
Кейинги икки суҳбатдошимиз Халқ банки “Вақф”дан келган ёрдам пули пластик карталарига тушириб берилганлигини айтишди.
Лекин “Вақф” фонди томонидан 700 минг сўм ёрдам пули ажратилган Избоскан тумани, Қашқарлик маҳалласида яшовчи Мадинабону Ибрагимова ҳали ёрдам пулини олмаганлигини билдирди.
Бунга, яъни 2022 йилнинг декабрь ойида “Вақф” фондидан ўтказиб берилган ёрдам пуллари нима учун шу пайтгача ўз эгаларига етиб бормаганлигига Халқ банки вилоят филиали мутасаддилари изоҳ берар. Балки ёрдам пуллари ўтказиб берилмаганлигига қандайдир сабаблар бордир. Нима бўлганида ҳам ўша озгина пулга умид қилиб, ёрдам сўраган ногирон, кам таъминланган инсонлар ажратилган ёрдам пулини ўз вақтида олиши керак эди.
Яна бир мулоҳаза, эҳтимол, “Вақф” фонди ўзи ажратган ёрдам пуллари эгаларига етиб борган ёки бормаганлигини доимий мониторинг қилиб боришни йўлга қўйиши керакдир.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА