English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл ҳаракати хавфсизлиги талаб даражасидами?
16:32 / 2023-07-22

Наманганда Республика Ишчи гуруҳи томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигига оид чора-тадбирларни ҳудудлардаги ижроси бўйича ўрганишлари якунига бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Республика Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Олим Саидов бир ҳафта давомида Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида олиб борилган ўрганиш юзасидан ахборот берди. Йўлларимизда фуқаролар ҳаёти ва соғлигини таъминлаш бўйича “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифаларга эътибор қаратди.  

Таъкидланганидек, Президентимиз раислигида 2022 йил 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш борасида бир қатор зарур чора-тадбирлар кўрилди. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда ҳаракатни тартибга солишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 июлдаги қарори билан 2022-2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури қабул қилинди.

Таассуфки, кўрилаётган зарур чораларга қарамасдан йўл транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) камайгани йўқ. Буни жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида юз берган “авария”лар 5,2 фоизга ортганида ҳам кўриш мумкин. Автотранспорт билан боғлиқ ҳалокатлар сонининг маълум бир қисми Наманган ҳудудига тўғри келиши, яъни 386 та ЙТҲ оқибатида 61 кишининг ҳалок бўлгани ва 393 нафар фуқаронинг турли даражада тан жароҳатларига учрагани вилоятда “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижросини таъминлаш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини кўрсатмоқда.  

Масалан, йўл транспорт ҳодисаларининг аксарияти водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғловчи катта магистрал йўл – “А-373” Камчиқ довони қисмида юз бермоқда. Қолаверса, ЙТҲ оқибатида тез ёрдамга бўлган 3 минг 566 та мурожаатнинг ҳар учдан бир қисми айни шу йўл билан боғлиқ келиб тушгани ташвишланарли ҳолат. Вилоят маркази – Наманган шаҳрининг муҳим катта йўл қисмларидан саналган “Сардоба” ҳамда Лола – “Жаҳон бозори” йўлларида ҳаракат хавфсизлигини бир маромда тартибга келтириш мақсадида ер ости йўл ўтказгичларини барпо этишга ҳали ҳанузгача киришилмаган. Шаҳардаги 14 та автобус бекатида реал вақт режимини кўрсатувчи мониторлар ўрнатилмаган. Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган ва Поп туманларидаги қатор умумтаълим мактаблари олдида ҳаракат тезлигини чекловчи йўл белгилари қўйилмаган. Бундан ташқари, Чуст, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Поп туманларидадаги марказий деҳқон бозори атрофида асосий йўлларда қатнов тартибга келтирилмаган. Дарвоқе, вилоятда оммавий касб ходимлари, яъни автомобиль бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларга ўқитувчи таълим муассаларида ўқитиш сифати талаб даражасида эмас. Ўтказилган имтиҳонларнинг илк босқичидаёқ 34 мингдан ортиқ ўрганувчидан 20 мингдан зиёди синовдан ўта олмагани бунинг ёрқин исботидир.

Йиғилишда тизимда “Хавфсиз йўл индекси” бўйича шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилган ишлар баҳоланиб, камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида талаб этиладиган вазифаларни тезкор бажарилиши бўйича топшириқлар берилди. Муҳокама якунида сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, транспорт оқимини тартибга солиш, жамоат транспортини йўлга қўйиш ва аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ҳамда қатор қулайликларни яратиш учун барча чораларни кўриш, ҳар ҳафта якуни бўйича назорат олиб борилишини билдирди.

Йиғилиш якунида вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари ҳамда соҳа масъуллари биргаликда комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга бирдек масъул экани қайд этилди.

 

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА