Йигирма тўрт йил деганда ушалган орзу
Мустақил, тинч ва обод юртнинг фуқароси бўлиш, унинг ҳимоясида яшаш ҳар бир инсоннинг чин маънодаги бахти саналади.
Ўзгарган тақдирлар...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги йилларда юзлаб ҳамюртларимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши Ватанимиз тараққиёти ва равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган инсонлар ҳаётида янги, мазмунли саҳифа очди.
Мустақил, тинч ва обод юртнинг фуқароси бўлиш, унинг ҳимоясида яшаш ҳар бир инсоннинг чин маънодаги бахти саналади. 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам мамлакатимизда яшаб туриб, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ана шундай бахтни улашди.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани Гулобод маҳалласида истиқомат қилувчи Музаффар Аширов 24 йил деганда ушалган орзуси ҳақида сўзлаб берди.
– Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида ўсиб улғайганман, – дейди М.Аширов. – Катта акам Ўзбекистонда яшарди. Акамнинг тўкис ҳаётига ҳавас қилиб, 1996 йил бу ерга кўчиб келганман. Худога шукур, шу ерда уйланиб, икки фарзандли, уйли-жойли, бағри кенг қўни-қўшни, дўсту биродарли бўлдим. Қурувчилик қиламан. Яшашдан камим йўқ. Мен ҳали Ўзбекистондан бошқа жойда яшаш бахтини тасаввур қила олмаганман. Лекин болалигим ўтган қишлоғимни соғинардим, Ўзбекистоннинг ширмой патирларидан олиб бориб, бир-икки кун қариндош-уруғларимни бағримга босиб, ота-онамнинг ҳолидан хабар олиб келгим келарди. Аммо Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган ҳужжатим йўқлиги бундан мени маҳрум қиларди. Онам вафот этганларида ҳам бора олмадим. Чунки менга Қирғизистонга чиқиш тақиқланган эди. Она юзини сўнги бор кўра олмаганим менинг армоним бўлди.
Менга берилган вақтинчалик ҳужжат билан бирор жойга ишга ҳам киролмасдим. Иш учун ҳужжат топширсам, кўплаб тушунмовчилик ва қийинчиликларга сабаб бўларди. Хуллас, фуқароликни олгунимгача бўлган вақт оралиғи мен учун жуда қийин кечди. Бу ҳолат мен учун айбдек туюларди. Шунинг учун буни ҳаммадан бекитиб яшадим. Ҳужжатларимни ҳам ички ишлар органига таниш-билишларимдан бекитиб топширганман.
Учинчи март куни кутилмаганда телефон бўлиб, фуқароликни олганим ҳақида хабар қилишди. Тўғрисини айтсам, шунча йил мени қийнаб келаётган муаммога ечим топилганига ишонгим келмасди. Аёлимга, фарзандларимга бу хуш хабарни қандай етказишни билмай қолдим. Қувончдан, ҳаяжондан зўрға ўзимни қўлга олиб, уларга хабарни етказганимда уларнинг хурсандчилигини бир кўрсангиз эди...
Шу кундан бошлаб мен Ўзбекистон Республикасининг қонуний фуқаросига айландим. Бунинг учун инсон қадрини улуғлаган Президентим Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.