Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, ҳудудларда энергия тақчиллигининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишда Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларининг ўрнатилишини мувофиқлаштириш вазифаси божхона органларига юклатилган.
Божхона қўмитасига Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи ва уларнинг эҳтиёт қисмларининг созлигини ўрганиш белгиланган. Шунингдек, республика ҳудудига стандарт талабларга мос келмайдиган қуёш панеллари олиб кирилишининг олдини олиш ҳамда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларга қуёш панелларининг сифатли ўрнатилишини доимий назорат қилиш вазифаси юклатилган.
– Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрнатилишини ташкил этиш ҳамда бу борада мониторинг ишларини олиб бориш йўналишида божхона органлари томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда, – дейди Навоий вилояти божхона бошқармаси масъул ходими Шавкат Хайруллаев. – Жумладан, божхона бошқармасида алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, ҳар бир туман, шаҳарларга масъул ходимлар бириктирилган. Ушбу ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси қуёш панеллари ўрнатилган объектлар бўйича тўлиқ ва ҳаққоний маълумотларни “Яшил энергия” ахборот тизимига киритиб борилишини назорат қилишдан иборат ҳисобланади. Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 3100 тадан ортиқ объектга ўрнатилган умумий қуввати қарийб 40 мегаваттга тенг бўлган қуёш панелларига оид маълумотлар мониторинг қилиниб, “Яшил энергия” ахборот тизими орқали тасдиқланган.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан аҳоли, шунингдек, корхона ва ташкилотларда қайта тикланувчи энергия манбаларини тарғиб қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида шу ойнинг ўзида 10 дан ортиқ саноат корхоналари томонидан қуёш панелларини ўрнатиш истаги билдирилди.
– “Навоийазот” АЖ вакиллари ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш муаммосини айнан “яшил энергия” манбаларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ижобий ҳал этмоқда, – дейди корхона масъул ходими Санжар Собиров. – Бугунги кунда корхонага қуввати 2685 кв/соат қуёш панеллари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 2024 йилнинг якунига қадар яна қуввати 3000 кв/соат қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилиб, айни пайтда қуввати 500 кв/соат бўлган қуёш панеллари автомобиль тураргоҳлари томига ўрнатилиб, ишга туширилган. Қолган 2500 кв/соати 4-чорак давомида ўрнатилади. Ҳозирда корхонанинг электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг 5 фоизини тўлиқ қоплаётган қуёш панеллари 7,5 йилда ўз харажатларини тўлиқ қоплаши кутилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларини ўрнатиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
– Вилоятда жами 3118 та истеъмолчида 39,7 МВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган, – дейди “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ходими Сарвар Ўктамов. – Шундан, 645 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига 19,4 МВт қуёш панеллари, 340,6 минг литр гелио-коллекторлар, 941 та тадбиркорларнинг бино ва иншоотларида 15,9 МВт қуёш панеллари, 1477 та аҳоли хонадонларида 3,3 МВт қуёш панеллари ва 14,1 минг литр гелио-коллекторлар ўрнатилган. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қуввати 15,6 МВт қуёш панеллари ўрнатилган. 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларидан хонадон истеъмолидан ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳар бир киловвати учун белгиланган тартибда 1000 сўмдан субсидия ажратилиб, ҳисоб-китоб қилиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, энергия тақчиллигининг олдини олиш, аҳоли ва саноат объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда қуёш панелларининг ўрни беқиёс. Шундай экан, давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, халқ фаровонлиги йўлида фаолият олиб бораётган юртдошларимиз учун ҳамиша имкониятлар эшиги очиқ.
А.Бўриев, ЎзА мухбири