English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституцияда ёшлар масаласи устувор (+видео)
18:21 / 2023-12-07

Маълумки, бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 31 йил тўлади. Бу йилги байрам тадбирлари янада ўзгача муҳитда ўтмоқда. Боиси, барчамиз биламизки, жорий йилда Бош қомусимиз умумхалқ овози, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан янги таҳрирда қабул қилинди. Унда кўплаб янги нормалар ўз ифодасини топди. Хусусан, ёшлар масаласига алоҳида устуворлик берилди, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор янгиликлар мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу борада ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари Отабек Собитов билан Асосий қонунимиздаги айнан ёшларга оид масалалар ҳақида суҳбатлашдик. 

— Отабек, аввало, ёшларнинг фаол бир вакили сифатида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш, тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этдингиз, минглаб ёшлар ичига кириб бордингиз, уларнинг фикр ва таклифларини ўргандингиз. Суҳбатимизни шундан бошласак. Яъни, Конституциямизнинг янгиланишига нисбатан, айнан ёшларга оид нормалар борасида юртимиз ёшларининг қарашлари, муносабати қандай бўлди? 

— Ҳар бир ривожланган давлатнинг Конституцияси ўша давлатнинг паспорти дея эътироф этилади. Мамлакатимизда жорий йилда ўта муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтказилиб, умумхалқ овози билан янги таҳрирдаги Бош қомус қабул қилинди. Бу жараёнда аҳоли, асосан ёшлар орасида Конституциявий қонун лойиҳасини тарғиб-ташвиқ қилган вақтимизда ёшларнинг ўзларидан кўплаб таклифлар тушди. Хусусан, лойиҳа юзасидан 227 мингдан ортиқ таклифлар тушган бўлса, уларнинг 60 фоизга яқини бевосита ёшлар томонидан берилди. Чунки Конституцияда ёшлар ҳуқуқлари ўз ифодасини топди, маълум маънода уларнинг жамиятдаги ўрнини акс эттирувчи асосий қонундир. 

Ҳудудларда юриб, ёшларимизнинг фикр ва таклифларини ўргандик. Улар Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича, унинг ҳар бир моддаси бўйича ўз муносабатини, таклифларини беришгани жамиятда ҳуқуқий маданият, сиёсий плюрализм ривожланаётганидан дарак беради. 

Биргина мисол сифатида Қомусимизда алоҳида бир боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номлангани алоҳида эътиборга молик. Буни тарихий боб дейиш мумкин. Бу бобни таклиф қилган ҳам айнан ёшларнинг ўзлари. Аслида ҳар бир боб ёшлар учун, ёшларнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Ушбу бобдаги моддаларда ёшларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, таълим-тарбия олишга оид ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилгани юртимизда ёшларга бўлган эътибордан дарак. Қолаверса, ёшларнинг сўзи, фикри, қарашлари Конституциямизда ўз ифодасини топгани бугун мамлакатимизда ортга қайтмас даражадаги ислоҳотларнинг тадрижий натижасини кўрсатади. 

— Дарҳақиқат, Конституциямизнинг “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган боби ҳақида тўхталдингиз. Ушбу бобдаги 79-моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Жамиятдаги фаол ёшлар вакили сифатида сиз шахсан ўзингизнинг фаолиятингизда бу каби нормалар қанчалик аҳамиятли бўлаяпти деб ўйлайсиз? Уларнинг амалдаги ифадасини ўз ҳаётингизда ҳис қилаяпсизми? 

— 79-модда ҳақиқатан ёшлар моддаси дейиш мумкин. Чунки ёшларимизнинг сиёсий ҳуқуқи бўладими, экологик, иқтисодий ёки таълим олиш каби кўплаб ҳуқуқлари айни шу моддада муҳрлаб қўйилди. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу, авваламбор, Президентимиз дунё ёшларини ўйлагани ҳамда Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлаганининг ифодаси бўлди. 

Ёшлар ҳуқуқлари Конституцияда алоҳида моддаларда мустаҳкамлаб қўйилгани юртимиз ёшлари давлат томонидан ҳимоя қилинишидан далолат беради. Ёшлар ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишмоқда. Масалан, ёш тарбиркорларни оладиган бўлсак, уларнинг улуши сўнгги 7 йилда 3 баравардан 6 бараваргача кўпайгани ва бу рақам йилдан-йилга ортаётганини кўришимиз мумкин. 

Бундан ташқари, биз таълим оляпмиз. Бу билан битта ҳуқуқимиз таъминланяпти. Эртага оила қурамиз — уй-жой олиш ҳуқуқларимиз, шу билан бирга, бандлик ҳуқуқларимиз кафолатланади. 

Бугун Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти институти фаолият кўрсатяпти. Бу бизнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигимиз ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятимиз ошишига хизмат қилади. Ёшлар комиссияси, сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорликда ёшларнинг муаммоларини кўтаряпмиз, қонунчиликка таклифлар бера оляпмиз. Бугун маҳалладан бошлаб вазирликларгача ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлайдиган яхлит тизим яратилди. 

Ёшларнинг ҳуқуқлари Конституциявий даражада кафолатланди. Энди нима масала қолди десангиз, энди олдимизда Конституциямизнинг ижросини таъминлаш масаласи турибди. Конституция куни фақат байрам эмас, бу сарҳисоб. Яъни, йил давомида конституциявий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инсон қадрини юксалтириш борасидаги ишларни амалга оширишимиз лозим. Мазкур жараёнларда ёшларнинг ҳам фаол иштирок этаётгани, уларнинг ўз ўрни борлиги қувонарли, албатта. 

Биргина ЎзЛиДеПни оладиган бўлсак, бугун 1 миллион 300 мингдан ортиқ аъзоларимизнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ёшлар партияларимизга ишонч билдиряпти, ўзининг муаммолари билан партияга мурожаат қиляпти. Ёшлар парламенти ва партиямиз ҳамкорлигида “Ёшлар минбари” деган платформа ташкил қилиниб, бу платформа асосида ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларни ҳал қилиш тизими яратилди. 

— Бугунги ёшларимизнинг сиёсий жараёнларга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан шахсий дахлдорлиги қандай? 

— Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас. Бугунги ёшларнинг ақлий ривожланиши, билим даражаси жуда юқори. Улар билим оляпти, китоб ўқияпти, ислоҳотларимизнинг кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчиси бўлишяпти. Ёшлар бирор ҳуқуқи бузилса, беэътибор бўлмаяпти, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаяпти. Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу эса ижобий баҳоланади. Нега? Чунки демократик ҳуқуқий давлат ва жамият қуриш жараёнларида энг асосий масала халқнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юқорилиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан ёшларимиз ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор эканлиги қувонарли. 

PS: Суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги видеоҳавола орқали кўриш мумкин. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9hQNvt4Wek8" title="Yangilangan Konstitutsiyada yoshlar masalasi ustuvor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА