English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиланган Конституция: ижтимоийлик ва дунёвийлик моҳияти 
11:00 / 2023-12-09

Жамиятда мафкуралар иккига бўлинади: 1) Бунёдкор (яратувчи, прогрессив, қонуний) мафкуралар. Буларга Конституция йўл беради; 2) Вайронкор (бузғунчи, регрессив, ноқонуний, реакцион) мафкуралар. Буларни Конституция ман этади.

Бу ерда вайронкор мафкураларни тасниф қилиб, улар таҳлилига тўхталиб ўтирмаймиз.

Ўзбекистон жамиятидаги бунёдкор мафкураларнинг ўзи учга бўлинади: 1) Диний мафкуралар. Бизда 16 та конфессия расмий рўйхатдан ўтиб, эмин-эркин фаолият олиб боряпти; 2) Партиявий мафкуралар. Бизда 5 та партия қонуний фаолият олиб боряпти; 3) Миллий мафкура. Бир мамлакатда биттагина миллий мафкура бўлади. 

Демак, бугун жамиятимизда жами 22 та мафкура расман фаолият олиб боряпти. 

Айрим радикал исломий гуруҳлар вакилларининг четдан туриб, баъзан ичкаридан туриб ҳам халқни йўлдан уришга, тўғридан-тўғри амалдаги конституциявий ҳокимиятга зарба беришга, фуқароларни ўз давлатига қарши қайрашга қаратилган ўта қалтис ғояларни тарқатишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Тўғри, бугун ижтимоий тармоқлар – глобал ҳодиса. Уни тўсишнинг ҳеч бир имкони – йўқ. Аммо ғояга қарши ғояни илгари суришимиз, халқни хато қараш орқасидан эргашиб кетишига йўл қўймаслигимиз – зарурми-йўқми?! 

Бунинг учун, аввало, янгиланган Конституциямизда давлат ва дин муносабатлари бўйича айнан қандай позициялар илгари сурилганини обдон билишимиз – шарт ва зарур. 

Ҳозир айрим мулласифатлар Ўзбекистонда исломий шариатдан келиб чиққан ҳолда эр кишининг бир пайтнинг ўзида тўрт хотинга уйланиши мумкинлигини тинмай тарғиб қиляпти. Ҳолбуки, бу демократияга, башариятнинг асрлар мобайнида етиб келган умуминсоний қадриятларига, энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига – зид. 

Янгиланган Конституциямиз бир нечта моддасида айнан кўпхотинликка ҳеч қандай асос йўқлиги аён бўлади. Бу фикрни исботлаш учун шу моддаларни бир-бир кўриб ўтайлик. 

1-моддада, жумладан: “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, – дейилган. Давлатнинг “демократик” деган сифати, жумладан, диний ва жинсий жиҳатдан фуқароларнинг тенглигини ҳам назарда тутади. Яъни бу мамлакатда эркак билан аёлга бир хил ҳуқуқ ва эркинликлар берилишини тақозо этади. Қандай қилиб, бир пайтнинг ўзида эркакка тўрт, аёлга эса бир мартагина никоҳ ҳуқуқини берамиз? “Ҳуқуқий” сифатида мамлакатда жамиятни илгари қабул қилинган қандайдир тартиб-қоидалар эмас, халқ вакилларидан ташкил топган парламент қабул қилган қонунлар асосида бошқариш кўзда тутилади. Шундай экан, парламент қабул қилмаган бирор-бир тартиб-қоида, аниқроғи, диний ёки миллий анъана қонун кучига кириши мумкин эмас. “Дунёвий” деган сифат паламент қонун, Президент фармон, қарор, фармойиш қабул қилаётганда, бошқа қонуности ҳужжатлари чиқарилаётганда бирор-бир динга суяниш, унинг қай бир тартиб-қоидаларидан келиб чиқиш мажбурияти йўқлигини кўрсатади. 

8-моддада: “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – деб битилган. Мамлакатимизда эса 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ҳатто, аҳолининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этгани билан, никоҳ масаласида ислом динидаги тартиб-қоидани қонунга киритишга асло ҳаққимиз – йўқ. Бунда бошқа конфессиялар вакилларини ўзлари мансуб бўлмаган дин қоидаларига мажбуран амал қилдириш бўлар эди. 

12-моддада жамиятдаги кўпмафкуравийлик акс эттирилганини юқорироқда кўриб ўтдик. Модомики, дин ҳам мафкура бўлар экан, демак, аввало, исломий қарашлар жамиятдаги мафкуралардан бири, холос, қолаверса, ҳеч бир мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин бўлмагач, кўпхотинликни қонунийлаштириш исломни давлат мафкурасига айлантириш ҳисобланади ва бунга Конституция асло йўл бермайди. 

13-моддага биноан эса: 
“Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”. 
Кўпхотинлик эса демократия асосланадиган умуминсоний принципларга мутлақо мос келмайди. 

15-моддада, жумладан: “Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар”, – дейилган. 
Қонун никоҳ ёшига етган, бошқа никоҳи йўқ жуфтликларни расман оила қургани тўғрисида рўйхатдан ўтказади. Улар, мусулмон бўлса, ўз хоҳишига кўра, никоҳ гувоҳномаси ёки Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари жуфтликнинг расман никоҳдан ўтиши белгилангани тўғрисида берган далолатномаси асосида масжидларда исломий тартиб-қоидалар асосида никоҳ ўқилиши – мумкин. Очиғини айтганда, ФҲДЁ орқали ҳужжатлаштирилган никоҳ “расмий никоҳ”, айнан жуфтликнинг масжидда никоҳ ўқитиши эса “шаръий никоҳ” дейилиши – керак. Бизда ҳозирги пайтда нима бўляпти? “Шаръий никоҳ” деганда ноқонуний никоҳ тушуниляпти. Яъни бу бир эркакнинг расман никоҳида аёли бўла туриб, яширинча, яъни ноқонуний тарзда никоҳ ўқитиб олиб, иккинчи (ҳатто, учинчи, тўртинчи) бор уйланишини англатяпти. Шу даражага борилдики, баъзан таниқли-таниқли кимсалар ҳам оммавий ахборот воситларидаги мусоҳаба(интерью)ларида: “Барча хотинларим билан аҳил-иноқ яшаб келяпман”, – тарзидаги фикрлари ифодаланиб қоляпти. Мафкурачи сифатида шуни унутмаслигимиз – керакки, кўпхотинликни илгари суриш замирида Ўзбекистонда ислом давлати қуриш ғояси тарғиби ётибди. Ҳолбуки, тарихда бизда ҳеч қачон исломий давлат бўлмаган. 

Худо эркак ва аёл миқдорини ўзаро мутаносибликда, яъни балансда ушлаб туриш ҳуқуқини ҳеч кимга бермайди. Жамиятда улар сони – ўзаро тенг, нари борса, 1-2 фоизгагина фарқ қилади. Бу – буюкжан-буюк бир сир. Агар моддий имкони борлар бир нафардан ортиқ қиз(ё аёл)га уйланса, очиғи, жамиятда эркакларга қиз (хотин) етмай қолади ҳам.

Дин ҳам Конституциянинг ана шу 15-моддасида кўзда тутилган “фуқаролик жамияти институтлари”га киради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтийнинг никоҳ гувоҳномаси ёхуд ФҲДЁ маълумотномаси йўқ жуфтликларга никоҳ ўқиш тақиқлаш тўғрисида фатвоси қабул қилинган. 

Аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар такшил этадиган мамлакатлар, давлат ва дин муносабатларига кўра, қуйидаги уч турга бўлинади: 1) ислом давлатлари; буларда ё ислом шариати Конституция ўрнини босади (масалан, Саудия Арабистони), ё ислом шариати асосида Конституция қабул қилинади (масалан, Эрон Ислом Республикаси); 2) ислом давлат дини мақомига эга давлатлар (масалан, Миср Араб Республикаси); 3) дин давлатдан ажратилган давлатлар (масалан, Ўзбекистон Республикаси). 

1914 йили Абдурауф Фитрат “Оила” деган рисола ёзиб, жумладан, халқни кўпхотинликдан қайтаришга уринди. Чунки ислом қоидасига кўра, тўрт хотин ҳам бир қозондан таомланиши, ўртада пайғамбар (с. а. в.) даражасида адолат қилиш – керак. Бунинг эса имкони – йўқ даражада. Буюк олим кўпхотинликнинг фожиаларини ҳам келтиради. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ида эса айнан иккихотинлик фожиаси миллат бошидаги бир кулфат янглиғ кўрсатилган. 

Камина Эронга бориб келганман. Ислом қоидаси қонунда – бор. Аммо иккинчи хотин олиш учун аввал бунга биринчи хотин, учинчи хотинга уйланиш учун никоҳидаги икки аёли ҳам, тўртинчи турмуш учун эса никоҳидаги учала хотини ҳам расман рухсат бериши – зарур. Бунинг эса асло имкони – йўқ. Шундай ислом давлатида ҳам амалда иккихотинлик – йўқ. 

Конституциямизнинг 16-моддасида алоҳида таъкидланганки: “Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмас”. Бу эса жамиятда Конституция “принцип ва нормаларига зид” ҳар қандай тартиб-қоида жорий этилиши ҳам, ҳатто, тарғиб қилиниши ҳам мумкин эмаслигини кўрсатади. 

19-моддада, жумладан, шундай дейилган: 
“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши – шарт”. 
Модомики, шундай экан, мамлакатда бир дин вакиллари учун – бошқа, бошқа дин вакиллари учун – бошқа қонун қабул қилиб бўлмайди. 

35-моддага кўра, дин – ҳар бир фуқаро учун шахсий масала: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким – хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. 

Шундай экан, қандай қилиб аҳолининг муайян тоифаси эътиқоди бўлган дин қоидаларини ҳамма учун мажбурлаб жорий этамиз? Ахир, ҳар қандай қонун мажбурий ижрони талаб қилади. Буни ҳаётий мисол билан тушунтирадиган бўлсак, бошқа дин вакилига уйланган мусулмон қонуний равишда унинг устига хотин олиши – керакми? 

Конституциямизнинг 58-моддасида тўрт хотинга уйланиш қоидасини жорий этиш ҳеч қанақасига мумкин эмаслигини кўрга ҳассадек аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилади. Чунки бизда: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. 
Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”. 

Қўполроқ қилиб айтилса, мазкур модда давлат бу икки жинсдан бирига иккинчисидан устун ҳуқуқ ва эркинлик бера олмаслигини, берилса, Худо кўрсатмасин, никоҳ масаласида ҳам тенг ҳуқуқ ва эркинлик беришга мажбурлигини очиқлайди. 

Шариатнинг айрим тартиб-қоидалари, жумладан, биз муҳокама қилаётган масалани қонунга киритишни талаб қилиш – амалда конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилганларнинг иши. 71-моддада бу қатъий тақиқланиши ёзилган: “Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи сиёсий партияларнинг, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек, миллий ва диний белгиларига кўра сиёсий партияларнинг, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг ташкил этилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва бирлашмалар ташкил этиш тақиқланади”. 

Энди 75-модданинг моҳиятини тушуниб олайлик: “Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. 

Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди”. 

Демак, дин давлат ишларига аралишга ҳақли эмас. Шундай экан, хоҳ ичкаридан, хоҳ четдан мамлакатимиз давлат тузумига тош отиб, шариатнинг айрим қоидаларини қонунийлаштиришни талаб этиш провокациядан бошқа нарса эмас. 

Диний қарашлар билан илмий қарашлар ўртасида ҳам баъзан қарама-қаршилик келиб чиқади. Шундай маҳалда жамиятда қайси бири устун бўлиши – зарур. Шунда яна миллий мафкурага эҳтиёж юзага келади. Албатта, миллий мафкура давлат мафкураси эмас. Бироқ баҳсли фикрлардан қай биридир устувор бўлиши зарур-ку. 

Масалан, чап қўл билан овқат ейиш динимизда қораланади. Айрим амру маъруфларда имом хатиблар кўпчилик ўртасида шу масалани кўтариб, қаттиқ-қуруқ гаплар билан чап қўл билан овқат ейдиганларни танқид қилишади. Ҳолбуки, Худо муайян фоиз кишиларни чапақай қилиб яратади. Расмий маълумотларга кўра, улар аҳолининг 12 – 15 фоизини ташкил этади. Ҳатто, 13 август Халқаро чапақайлар куни сифатида халқаро миқёсда байрам ҳам қилинади. А. Эйнштейн, Ч. Чаплин, Архимед, М. Ломоносов, И. Ньютон, Ч. Дарвин, А. Пушкин, М. Твен, Ф. Кафка, Г. Андерсен, Л. Толстой (у ўнг қўл билан ҳам ёзаверган), Г. Уэллс, Л. Керрол, М. Лесков, В. Маяковский... чапақай бўлган. 

Чапақайларни ўнг қўл билан ишлаш, жумладан, ёзиш, овқат ейишни мажбурлаш психологик жиҳатдан уларга жуда катта зарба ҳисобланади. Ўнгақай бўлсангиз, чап қўл билан ош ейишингизни бир тасаввур қилиб кўринг. Шунинг учун олимлар уларни ўнг қўл билан ишлашга мажбурлаш мутлақо оғир оқибатларга олиб келишини исботлашган.

Шундай экан, ҳадисни шарҳлаётганда, бунинг чапақайларга алоқаси йўқлигини ҳам эслатиб ўтишни унутмаслик – керак. 

Ислом радикализми вакиллари Ўзбекистонимиздаги умумхалқ байрамларига қарши иғволар ҳам қўзғаб келяпти. Эмишки, иккита ислом байрами – Рамазон ва Қурбон ҳайитларидан бошқа байрамларни нишонлаш халқимиз учун бидъат эмиш. Ҳолбуки, Янги йил, Хотин-қизлар куни, Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституция қабул қилинган кунни нишонлаш – дунёвий мазмун-моҳиятга эга, уларнинг диндаги бидъатларга мутлақо алоқаси – йўқ. Буни ҳам айнан шу тарзда қатъий туриб тарғиб қилиб турмасак, айрим фуқаролар билиб-билмай шу иғво ғоялар кетидан кўр-кўрона эргашаверади. Фуқаронинг давлат тарафидан жорий этилган, дам олиш сифатида бутун халқ дам оладиган умумхалқ байрамларига бундай муносабат ҳам амалда конституциявий тузумга қарши қаратилган провакациядан бошқа нарса эмас. 

Ҳаттоки, ғаламис ниятли бу ғоялар тарафдорлари туғилган кунларни, айниқса, улуғ зотларнинг давлат тарафидан нишонланадиган юбилей саналарини ўтказишга ҳам шундай салбий муносабат билдиради. 

Ўйлаб қаралса, мафкура шамолга ўхшайди: эшикнинг тирқишидан кирса, бўлди, бир пасда бутун уйни айланади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 сентябри куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассаблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади. Унда, жумладан, терроризм ва диний экстремизмга биргаликда курашиш масаласини кўтариб, қуйидаги аниқ-тиниқ таклифларни илгари сурди. Жумладан: “Биз экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларимизни кучайтиришимиз – зарур. ... Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. У ҳам бўлса, илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласидир”, – деди. 

Давлатимиз раҳбарининг мана бу тклифи эса мамнуният билан қабул қилинди: “Яна бир муҳим фикрни таъкидлашни истардим. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қиламиз”. 

Янгиланган Конституция бизга жамият аъзоси, шу давлат фуқароси сифатида давлат ва дин муносабатларидаги аниқ-тиниқ позицияларни пухта-пишиқ билишни талаб этади. 

Султонмурод ОЛИМ, 

филология фанлари доктори, 

Тошкент амалий фанлар университети профессори.